Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти бўлим мудири, география фанлари доктори, профессор Бахтиёр Холматжоновнинг тушунтиришича, совуқ мавсумда ҳаво ифлосланишининг кучайишига атмосферадаги ҳаво айланиши, шамол тезлиги ва йўналиши таъсир қилади.
Тошкент тоғолди ҳудудда жойлашгани сабабли шамол йўналишлари ҳаво массаларининг ҳаракатида муҳим ўрин тутади. Совуқ ярим йилликда шамол тезлигининг пасайишига олиб келадиган синоптик жараёнлар кўпроқ кузатилади. Натижада ифлослантирувчи моддалар атмосферада тез тарқалмай, ер юзасига яқин қатламда тўпланиши мумкин.
Қиш ойларида ҳарорат инверсияси ҳам ҳавонинг тозаланишини қийинлаштиради. Бунда ер юзасига яқин совуқ ҳаво қатламининг устида илиқроқ ҳаво жойлашиб, ҳавонинг вертикал аралашувини чеклайди. Шунингдек, антициклонал жараёнлар ва кучсиз шамоллар ҳам ифлослантирувчи моддалар тарқалишини секинлаштириши мумкин.
Ҳавони ифлослантирувчи манбалар ўрганилмоқда
Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг сабабларини аниқлаш мақсадида президент фармони билан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфида Ихтисослаштирилган атмосфера лабораторияси маркази ташкил этилган.
Марказ раҳбари, техника фанлари доктори Зикрилла Алимовнинг таъкидлашича, лабораторияда замонавий ускуналар ёрдамида ҳавони ифлослантирувчи моддаларнинг келиб чиқиш манбалари ўрганилмоқда. Ҳозирда Тошкент шаҳрининг барча туманларида ҳаводан махсус фильтрлар орқали намуналар олиниб, таҳлил қилинмоқда. Келгусида ушбу тажрибани республика бўйлаб кенг жорий этиш режалаштирилган.
Ёғингарчилик камлиги ва чанг массалари таъсири
Иқлим ўзгариши миллий маркази директори, техника фанлари бўйича фалсафа доктори Фаррух Сатторовнинг маълум қилишича, табиий омиллар ва ноқулай метеорологик шароитлар ҳам Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашувига таъсир кўрсатмоқда.
Жорий йил 26 октябрга қадар Тошкентда 3,9 миллиметр ёғингарчилик кузатилган. Ойлик меъёр эса 23,7 миллиметрни ташкил этади. Ёғингарчилик камлиги ҳаводаги чанг заррачаларининг ёмғир орқали ювилиб кетишини сусайтиради.
















