Наманган шаҳрининг Тахтакўприк кўчасида яшовчи 80 ёшли Ҳасан-Ҳусан Ботировларни кўрган инсон борки, юзига табассум югуриши аниқ. Эгизак нуронийлар билан мириқиб суҳбат қуриш, дуоларини олишга кўпчилик ошиқади. Икки томчи сувдай бир-бирига ўхшайдиган эгизакларни бутун шаҳар танийди. Юзидан нур ёғилиб турувчи отахонлар билан суҳбатлашган инсоннинг кайфияти кўтарилади.
Ҳасан ота Ботиров кўп йиллар маҳалла идорасида ишлаган. Ҳусан ота эса тиббиёт соҳасида ўқиб, ҳатто ҳозир ҳам маҳаллада фельдшерлик билан шуғулланади.

“1944 йилда туғилганмиз. Оилада 5 фарзанд – 3 ўғил, 2 қиз эдик. Ҳозирда икки эгизаклар қолганмиз. Раҳматли ота-онамиз иймон-эътиқодли инсон бўлишган. Бизларни ҳалол меҳнат билан тарбия қилишди. Уйда қандолат маҳсулотлари тайёрлаб, бозорга олиб бориб сотиб келишарди.

Эсимизда, қандфурушликдан топган пулга базўр рўзғор тебратар эдик. Ҳатто мелисалар бозорда пешона тери билан топган пулларимизни олиб қўярди.
Болалик давримизда ҳаёт кечириш ниҳоятда оғир бўлган. Озиқ-овқат танқислиги кузатилган. Ўша пайтда онам раҳматли иккимизни елкасида кўтарганча дўкондан нон олиб келар экан.

Ота-онамиз вафот этгандан кейин Ҳусанжон укам билан алоҳида яшай бошладик. Гарчи Ҳусанжон билан уйимиз бошқа-бошқа бўлса-да, биз доим биргамиз. Шу ёшга етказгани учун Яратганга шукр. Қандай ажойиб нурли, фариштали эгизаклар экан-а, деб кўрганлар ҳавас қилишади.


Баъзан тобим қочиб қолганида укамнинг ҳам соғлигида муаммо бўлганини айтишади. Биз бир тан-у бир жонмиз. Эгизакларнинг қони бир дейишади. Бу гаплар бежиз айтилмаган.






















