Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анвар Отахўжаевга нисбатан ҳукм чиқарди, дея хабар бермоқда Фарғона вилояти судлари матбуот хизмати.

Суд ҳукми билан у Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбли деб топилди:

  • 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш);
    168-моддаси 3-қисми «в» банди (хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик);
    205-моддаси 2-қисми «а» банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
    206-моддаси 2-қисми «а» банди (ҳокимият ёки мансаб ваколати чегарасидан чиқиш);
    207-моддаси 1-қисми (мансабга совуққонлик билан қараш);
    209-моддаси 2-қисми «а» банди (мансаб сохтакорлиги);
    210-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора олиш).

Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисмига мувофиқ, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан собиқ ҳокимга 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд жараёнида ушбу жиноят иши бўйича яна 6 нафар шахсга нисбатан тегишли жазо чоралари белгиланди. Хусусан, 3 нафар судланувчига 7 йилдан 10,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2 нафарига 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда 1 нафар судланувчига 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Тарафлар биринчи инстанция судининг қарори устидан қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда Фарғона вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқига эга.

Анвар Отахўжаев 1972 йилда Наманганда туғилган. 1994 ва 2002 йилларда Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институти, 2011 йилда Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. 2023 йил декабр ойида Наманган шаҳри ҳокими этиб тайинланган.

2025 йил сентябр ойида ДХХ Отахўжаев қўлга олингани ҳақида хабар берганди. Тергов маълумотларига кўра, ўшанда шаҳар ҳокими пойабзал ишлаб чиқарувчи МЧЖ раҳбари билан тил бириктириб, тадбиркорга шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ерда кўп қаватли уй қуриш ҳуқуқини олиб беришни ваъда қилгани айтилган. Бунинг эвазига улар 60 минг доллар талаб қилишган.