Саудия Арабистонида Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан РФ иштирокисиз музокаралар бўлиб ўтди. Унда 40 та давлатдан келган дипломатлар қатнашди. Саудия таклиф этган тинчлик режаси Киев хоҳишига зид келди.
“Геосиёсат”нинг бугунги сонида Жиддадаги музокаралар ҳақида сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов сўз юритади.
— Тинчлик режаси бўйича бунга қадар ҳам бу каби форматда музокаралар ташкил қилинган, масалан, аввалгиси Копенгаген шаҳрида бўлганди. Лекин ҳозирча самара бўлмаяпти. Бундай музокаралар урушда бурилишга сабаб бўла олиши мумкинми?
Фарҳод Толипов: Кескин ўзгаришга сабаб бўлмаса ҳам, у ёки бу шаклда таъсир қилади барибир. Бу таъсир балки бугун-эрта эмас, кейинроқ кўринар балки. Стратегик мулоқот тушунчаси бор, яъни уруш жараёнида урушаётган томонлар ва уларнинг атрофидагилар бир-бирига хабар юборгандек бўлиб, баёнотлар ва бошқа кўринишдаги сигналлар беради. Бунда келажакда бўлиши мумкин бўлган потенциаллар кўрсатилади.
Жиддадаги саммитни ҳам стратегик мулоқот деб атаган бўлардим. Бу ерда 40 дан ортиқ давлатлар қатнашди. Россия томони саммитнинг якуний ҳужжатларини қабул қилмаслигини айтди. Бунга сабаб қилиб Россиянинг ўзини таклиф этишмаганини келтирди. Саммитга Зеленский бир нечта таклифлар билан келди, бу билан у ўз позицияси борлигини кўрсатди. Россия ёлғизланяпти, азалий ҳамкорлари ҳам ўзини тортяпти, шунинг учун урушни тезроқ тугатиш керак, деган сигнал бўлди саммитда.
Камолиддин Раббимов: Шу пайтгача ҳам урушни тўхтатиш учун бир нечта лойиҳалар бор эди, дейлик, Украина, Хитой ёки Россия лойиҳаси, ЕИнинг лойиҳаси ҳам бор эди. Борган сари мана шу лойиҳалар бирлашиб, асосий тамойиллар универсаллашяпти. Ўтган йили 14 та тамойилдан иборат Хитойнинг лойиҳаси бор эди, лекин жуда зиддиятли эди.
Энди дунёда 2 та асосий лойиҳа шаклланяпти. Россия лойиҳаси: «Биз энди Украина юриш қилмаймиз, лекин эгаллаб олган жойларимизни ҳам қайтармаймиз, аҳолимизга кўрсатишимиз учун бирор бир натижа керак», деган мазмунда. Украинанинг лойиҳаси эса албатта унинг ҳудудий яхлитлиги тан олиниб, суверенитети мустаҳкамланиши. Бу тамойилни барча давлатлар, жумладан, Хитой ҳам тан оляпти.
Саудия Арабистонидаги музокаралардан кейин, ҳали давлат раҳбарлари иштирокида ҳам саммит бўлади. Хитойнинг бу саммитда иштирок этиши Россия билан бироз масофа сақлаётганини кўрсатди. Тўғри, Россия билан алоқалари яхши бўлаверади, лекин вазиятга нисбатан салбий сигнал берди Россияга.
















