Болалар миллий тиббиёт марказининг ўз соҳасида катта ютуқларга эришиб келаётган бир гуруҳ ходимлари вазирлик кўкрак нишони ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Мукофотлар 26 август куни миллий тиббиёт марказида ўтган тадбирда топширилди. Тадбирни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов очиб берди.
Унинг таъкидлашича, 130 миллион доллардан зиёд маблағ ҳисобига Жанубий Корея Республикаси кўмагида барпо этилган ушбу марказ тўлиқ замонавий тиббий жиҳозлар, шу жумладан, магнит резонанс томография, мультиспирал компьютер томографи, ДНК анализатори ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Марказда самарали фаолияти юритиш учун 100 дан ортиқ врач ва ҳамширалар Жанубий Кореяда малака ошириб қайтган.
“Жарроҳлик амалиёти ускуналарига махсус камера ўрнатилган бўлиб, бошқа шифохоналар ва олий таълим муассасалари операцияларни онлайн тарзда кўриб туриши замонавий технологиялар орқали масофавий тиббий кўриклар ҳамда консилиумлар ташкил этиш имконияти яратилган.
“Ушбу марказ юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатишга ихтисослашган Марказий Осиёда ягона ушбу турдаги болалар тиббиёт муассасасидир. Бу ерда йилига 3 мингдан зиёд ноёб жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 20 май куни Болалар миллий маркази билан танишар эканлар “Бу марказ – миллий бойлигимиз. Бу ерда болаларни малакали даволаш билан бирга замонавий телемедицина технологиялари асосида мамлакатимиз ҳудудларида ҳам юқори сифатли тиббий хизматларни ташкиллаштириш керак, – деган эди.
Болалар миллий тиббиёт марказида ўтган давр мобайнида бирмунча амалий тадбирлар, янги жарроҳлик ва даволаш амалиётлари йўлга қўйилишига эришилди.
2023 йилнинг ўтган даврида болаларда илк бор умуртқа поғонаси қийшиқлиги (сколиоз) касаллигининг радикал коррекцияси амалиёти йўлга қўйилиб, 30 га яқин болаларда ушбу амалиётлар ўтказилиб, соғломлаштирилди. Ушбу амалиёт амалга оширилиши валютанинг чет элга чиқиб кетиши, энг асосийси аҳолимизнинг чет давлатларда сарсон бўлишининг олдини олишга ҳамда хорижий стандартларнинг Ўзбекистонга кириб келишига эришилди.
Ваҳоланки, бугунги кунга қадар мазкур амалиётлар болалар фонди орқали Туркия ва Ҳиндистон давлатларида 20-25 минг АҚШ доллари эвазига амалга оширилиб келинган”, – деди вазир.








