Бу давлат тўнтариши муваффақиятли якунланган тақдирда, у 2020 йилдан буён Ғарбий ва Марказий Африкада амалга оширилган саккизинчи тўнтаришга айланади.

Бир ойгина олдин Нигерда ҳам ҳарбий тўнтариш содир бўлганди.

2022 йилда Буркина-Фасода икки марта давлат тўнтариши рўй берган, шунингдек Гвинея-Бисау, Гамбия ҳамда Сан-Томе ва Принсипи орол давлатида давлат тўнтаришига муваффақиятсиз уринишлар бўлиб ўтганди.

2021 йилда Африка мамлакатлари олти бор давлат тўнтаришига уринишни бошдан кечирган, шундан тўрттаси муваффақиятли чиққанди.

Ўтган йили Африка иттифоқининг юқори мартабали мулозими Мусса Факи Маҳамат «ҳукумат конституцияга зид равишда алмашиши анъанаси тикланаётгани»дан хавотир билдирганди.

Давлат тўнтаришими ёки йўқ?

BBC’нинг Найробидаги мухбири Питер Мваининг қайд этишича, Африканинг айрим регионларида мустақилликка эришилгандан кейинги ўн йиллар мобайнида ҳарбий тўнтаришлар одатий ҳолатга айланган. Кейин нисбатан барқарорлик даври кузатилади, аммо сўнгги йилларда уларнинг сони яна ўса бошлади.

Давлат тўнтаришини ҳарбий ёки фуқароликдаги мулозимларнинг амалдаги давлат раҳбарларини лавозимидан четлатишга бўлган ноқонуний ва ошкора уриниши сифатида таърифлаш мумкин.

Америкалик олимлар Жонатан Пауэлл ва Клейтон Тайн томонидан олиб борилган тадқиқотда аниқланишича, Африкада 1950-йиллардан буён бу каби 200 дан ортиқ уринишлар кузатилган.

Уларнинг тахминан ярми муваффақиятли чиққан.

Баъзида давлат тўнтариши иштирокчилари бу айнан давлат тўнтариши эканини инкор этишади.

Фото: Getty Images

2017 йилда Зимбабведа ҳарбий давлат тўнтариши натижасида Роберт Мугабенинг 37 йиллик бошқарувига барҳам берилганди. Аммо исёнчиларнинг етакчиларидан бири, генерал-майор Сибусисо Мойо телевидение орқали чиқишида бу ҳарбий давлат тўнтариши эканини қатъиян рад этганди.

2021 йил апрелида Чад раҳбари Идрисса Дебининг ўлимидан кейин армия унинг ўғлини вақтинча президент деб эълон қилишган, у ўтиш давридаги ҳарбий кенгашга раҳбарлик қилганди. Унинг мухолифлари эса буни «сулолавий тўнтариш» деб аташганди.