«Мудофаа кучлари юриш ҳаракатлари чоғида Клешчиевка ҳудудида қисман муваффақиятларга эришди. Штурм билан Донецк областининг Андирийивка қишлоғи эгалланди, душманга жонли куч ва техникада жиддий йўқотишлар етказилди, эгалланган марраларда мустаҳкам ўрнашилди», — дейилган Украина бош штабининг жума кунги ҳисоботида.
Андрийивка озод этилгани ҳақида Украина армиясининг ушбу ҳудудда ҳаракатланаётган 3-алоҳида штурмо бригадаси ҳам батафсил маълумот берган.
«3-алоҳида штурм бригадаси Андрийивка аҳоли яшаш пунктини озод этди. Яшин тезлигидаги амалиёт натижасида Россиянинг Андрийивкадаги гарнизони қуршаб олиниб, асосий кучлардан ажратиб қўйилди ва яксон этилди», — дейилган бригада баёнотида.
Унда қишлоқ учун бир неча кун давом этган жанглар давомида Россиянинг 72- бригадаси амалда йўқ қилингани айтилади: бригада разведка бошлиғи, уч нафар комбат ва деярли барча пиёдалар офицерлар билан ҳамда катта миқдордаги техникалар.
«Ҳозирда жанглар давом этмоқда, бизнинг бўлинмаларимиз янги позицияларга ўрнашмоқда. Шунинг учун рақибнинг 200-, 300-лари бўйича[яъни қурбонлар ва ярадорлар] ва амалиётнинг бошқа қизиқарли деталлари бўйича — кейинроқ», — дейилган бригада хабарида.
Андрийивка қайтариб олгани ҳақида аввалроқ Украина мудофаа вазири ўринбосари, уруш бошланганидан буён Украина ҳукуматининг фронтдаги вазият бўйича изоҳ бериб келаётган расмийсига айланган Анна Маляр хабар берганди.
«Бахмут йўналишида биз олдинга силжияпмиз. Шимолий қанотда душман йўқотилган позицияларини қайтариб олишга уринмоқда. Жанубий қанотда эса биз муваффақият билан олға юрмоқдамиз. Асосий жанглар Андрийивка, Курдюмовка ва Клешчиевка ҳудудларида кетмоқда. Ва бу ерда биз учун яхши янгилик бор — Андрийивка — бизники», — деганди Маляр пайшанба куни.
Аммо бироз вақт ўтиб у ўз хабарини қуйидагича ўзгартирганди: «Андрийивка — вазият жуда оғир ва ўзгарувчан, бизникиларни қўллаб-қувватлаймиз».
Ўша вақтда 3-алоҳида штурм бригадаси матбуот хизмати мудофаа вазирлигининг Андрийивка озод этилгани ҳақидаги хабарини муддатидан олдин берилган хабар деб атаганди. «Андрийивка эгаллангани тўғрисидаги хабар ёлғон ва бевақт берилган. Ҳозирда Клешчивка ва Андрийивка ҳудудларида оғир жанглар кетмоқда. Бундай баёнотлар зарарли, шахсий таркиб ҳаётига таҳдид солади ва жанговар вазифаларни бажаришга зарар етказади», — дейилганди шу йўналишда жанг қилаётган штурм бригада баёнотида.
Ўшанда Украина қуролли кучлари бош штабининг BBC Украина хизматига изоҳ берган вакили мудофаа вазири ўринбосарининг эмас, айнан 3-бригада вакилларининг сўзларига таянишни маслаҳат берганди.


















