Энергетика вазирлиги Қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия самарадорлиги ва энергия аудити бошқармаси бошлиғи Абдуллажон Отабоев соҳада кутилаётган айрим ўзгаришлар ҳақидаги саволларга жавоб берди.

– Абдулла ака, сиз вазирлик тузилмасида бевосита қайта тикланувчи энергия манбаларига жавобгар шахссиз. Ўзбекистонда энергетика тарифлари эркинлаштириш йўлидаги амалий ишлар бошланди. Нархлар оширилиши одамларда қуёш панелларини ўрнатишга рағбатни кучайтирадими?

– Қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтишга рағбатлар бошланган. 2023 йил феврал ойида 57-сонли президент фармони чиққанидан кейин аҳолининг қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатишга қизиқиши ортди. Аҳолидан давлат электр энергиясини сотиб олиш нархи 1000 сўмга чиқарилди. Олдин бу миқдор 2-гуруҳ тарифининг (юридик шахслардан сотиб олинадиган электр энергияси нархи) 80 фоизи миқдорида эди.

Яъни 2-гуруҳ тарифи 450 сўм бўлса, аҳоли ўзи ишлаб чиқарган электр энергиясини давлатга 360 сўмга сотарди. 57-сонли қарор билан бу миқдор 360 сўмдан 1000 сўмга олиб чиқилди. Электрон платформамиз маълумотларга кўра, ҳозирги кунга қадар аҳоли томонидан 61 мегаватт қувватли панеллар ўрнатилган, уларнинг бир қисми асосий тармоққа уланиб, электр энергиясини етказиб беряпти. Давлат улардан қарийб 700 млн сўмлик электр энергиясини сотиб олди.

Масаланинг иккинчи томони: тадбиркорлик субъектларига рағбат масаласига тўхталсак. Ижтимоий тармоқларда ҳокимликлар томонидан тадбиркорлик субъектлари қуёш панелларини ўрнатишга мажбурланяпти деган хабарларни кўп ўқидик. Буларни жойларга чиқиб ўзимиз ўргандик, ҳа, айрим жойларда ростдан шундай ҳолатлар бор, аммо тасдиғини топмаган ҳудудлар ҳам бор. Улар нима учун мажбурланаётганди? Чунки 57-сонли қарорда [ҳокимликларга] топшириқ бор, шу нарсани бажарасан, деган.

Тадбиркор электр энергиясини 450 сўмдан тармоқдан сотиб оляпти. Агар у қуёш панелларини ўрнатса, бу панел ўзини 15 йилда оқлайди. Ҳозир энергетика тарифлари оширилиши билан бу муддат 7 йилга тушяпти. Агар тарифлар яна ошса, панеллар янада тезроқ ўзини оқлайди.

Аниқроқ тушунтираман: дейлик, тадбиркор 100 kW қуёш электр станциясини ўрнатса, уни ўрнатиш нархи тахминан 1 млрд 200 млн сўм бўлади. Бунда 1 киловатт қувватли қуёш панели ўртача бозор нархида – 12 млн сўмдан ҳисобланган. Ҳозир бундан арзонроқ бўлиши мумкин, чунки панеллар нархлари Хитойда пасайган. Ўшанда 1 kWh электр энергиясини тадбиркор давлатга сотмоқчи бўлса, 2-гуруҳ тарифининг 80 фоизи миқдорида, яъни 360 сўмдан сотарди, бунда панел ўзини 15 йил-у 3 ойда оқлаши мумкин эди. Ҳозир 2-тариф гуруҳи истеъмолчилари учун 1 kWh электр энергияси нархи 900 сўм этиб белгиланганини инобатга олиб, худди шу ҳисоб-китобни амалга оширсак, бу 15 йилимиз 7 йил-у 7 ойга қисқаради. Яъни қуёш панели ўзини оқлаш муддати 2 баробарга қисқаряпти. Панел ўзини оқлагандан кейин текинга электр энергиясини ишлаб чиқаради ёки унгача ишлаб чиқарган токини ҳудудий электр тармоқларига сотадиган бўлса, йилига 157 млн сўм фойда қилади.