20 сентябр куни Ўзбекистонда кенг кўламли Health Report 2023 тадқиқотининг натижалари тақдим этилди. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида қатнашган Kun.uz мухбири маълум қилди.
Cўнгги 10 йил ичида илк маротаба Европанинг 14 давлати ва қўшни Қозоғистон қаторида мамлакатимиз 2022 йилдан бошлаб ҳисоботга киритилган маълумотларни ўз ичига олган тадқиқот иштирокчисига айланди. Ўн йилдан ортиқ вақт давомида Халқаро фармацевтика компанияси томонидан тайёрланадиган Health Report Европада соғлиқни сақлаш масалалари бўйича энг нуфузли тадқиқот ҳисобланади.
2023 йилда Халқаро фармацевтика компанияси соғлиқни сақлаш масалалари бўйича халқаро жамоатчилик фикри сўровини ўтказди. Ўзбекистонда компаниянинг тадқиқотдаги ҳамкори “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази бўлиб, марказ телефон ёрдамида ўтказилган сўровнома орқали маълумотлар йиғди. Ҳар бир мамлакатда 2000га яқин одам сўровномада қатнашди. Жами 18 ёшдан 99 ёш оралиғида бўлган 32 013 респондент тадқиқотда иштирок этди. Масалан, сўровномада қатнашган Ўзбекистон аҳолисининг 24 фоизи шифокорларга тез-тез ташриф буюришини, 22 фоизи кўпроқ профилактик тиббий кўрикдан ўтгани, 21 фоизи эса соғлом озиқ-овқатлар истеъмол қила бошлаганини айтган.
“Жорий йилда Health Report Ўзбекистон Республикасини қамраб олганидан хурсандмиз, сабаби ушбу тадқиқот Ўзбекистон фуқаролари ўз соғлиғи ҳақида қандай фикрда экани, уларни қандай саломатлик билан боғлиқ муаммолар кўпроқ ташвишга солаётгани, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан нимани кутишлари, тизимда нимани ўзгартириш ва яхшилашни исташлари, шунингдек, мамлакатда соғлиқни сақлаш ва тиббиётнинг ривожланиш тенденциялари халқаро стандартларга қанчалик мос келиши ҳақидаги энг долзарб маълумотларни тақдим этади. Health Report 2023 инсон хулқ-атвори, фармацевтика ва саломатлик саводхонлиги ҳамда соғлиқни сақлаш тенденциялари тўғрисида янада чуқурроқ тушунишга ёрдам берувчи маълумотларни ўз ичига олади. Халқаро фармацевтика компаниясига эса йиғилган маълумотлар беморлар ва тиббиёт ходимларининг кутаётган эҳтиёжларига янада яхшироқ жавоб беришга ёрдам беради, яъни биз бу билан ишончли ҳамкор сифатида одамлар саломатлигига ғамхўрлик қилишдек асосий вазифамизни тўлиқ бажара оламиз”, дейди Халқаро фармацевтика компаниясининг Евросиё минтақасидаги Вице-президенти Арминас Мацевичус.















