Naked Science хабарига кўра, тадқиқотни АҚШнинг Санта-Барбарадаги Калифорния университети олими Дерон Беркепайл бошчилигидаги халқаро жамоа ўтказган. Илмий иш Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилган.

Филлар тириклигида кўп миқдорда ўсимлик ейиши, шохларни синдириши ва баъзан дарахтларни йиқитиши орқали саванна манзарасини ўзгартиради. Олимлар уларнинг ўлимидан кейин экотизимга таъсири қанча вақт сақланишини ўрганган.

Тадқиқотчилар филлар ўлган 40 та жойни текширган. Қолдиқларнинг ёши саккиз кундан 2814 кунгача, яъни қарийб 7,7 йилгача бўлган.

Ҳар бир жойда фил қолдиқларидан 0,5 ва 2,5 метр масофадаги тупроқ ҳамда ўсимликлар ўрганилган. Натижалар 15 метр узоқликдаги назорат майдонлари билан таққосланган. Шунингдек, микроорганизмлар ДНКси таҳлил қилиниб, ҳайвонларнинг озиқланиши фототузоқлар ёрдамида кузатилган.

Энг катта ўзгариш тупроқнинг кимёвий таркибида қайд этилган. Фил қолдиқлари яқинида аммоний миқдори назорат майдонларига нисбатан ўртача 31 баравар, нитратлар етти баравар, фосфор эса уч баравар юқори бўлган.

Айрим янги қолдиқлар яқинида тупроқдаги азот бирикмалари миқдори одатий даражадан қарийб 3000 бараваргача ошган. Бу кўп тоннали ҳайвон танаси парчаланиши натижасида катта ҳажмдаги органик моддалар тупроққа тушиши билан изоҳланган.

Бироқ озуқа моддаларининг кўплиги ўсимликларга ҳамиша фойда келтирмаган. Аммонийнинг жуда юқори концентрацияси уларга заҳарли таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли янги қолдиқлар атрофида ўсимликлар ўсиши учун ноқулай шароит юзага келган.

Фил қолдиқлари яқинида ўсимликлар хилма-хиллиги назорат майдонларидагидан анча паст бўлган. Бу фарқ ҳатто 7,7 йиллик қолдиқлар атрофида ҳам сақланган.

Тупроқдаги бактериялар ва замбуруғлар хилма-хиллиги ҳам камайган. Айни пайтда органик моддаларни парчаловчи микроорганизмлар фаоллиги бир-икки йил давомида юқори бўлиб турган.

Қизиғи, бундай жойларда ўсишга муваффақ бўлган ўтлар тўйимлироқ бўлган. Уларнинг баргларидаги азот миқдори назорат майдонларига нисбатан ўртача 1,5 баравар юқори чиққан. Бу хусусият эски қолдиқлар атрофида ҳам кузатилган.

Фототузоқлар импала антилопалари ва буйволлар фил қолдиқлари яқинида назорат майдонларига қараганда тахминан уч баравар кўпроқ озиқланганини кўрсатган. Бундай фаол ўтлаш фил ўлганидан етти йилдан ортиқ вақт ўтгач ҳам давом этган.