Тоғли Қорабоғнинг собиқ давлат вазири, россиялик миллиардер Рубен Варданян Лочин йўлаги орқали Арманистонга ўтмоқчи бўлганида қўлга олинган. Озарбойжон чегарачилари у Бокуга олиб борилиб, «тегишли орган»га топширилганини маълум қилди.
Варданяннинг рафиқаси Вероника Зонабенднинг айтишича, уни Озарбойжон назорат-ўтказиш пункти жойлашган Акари кўпригидан ўтаётганида ушлашган
«Бугун тонгда менинг турмуш ўртоғим, Рубен Варданян, филантроп, бизнесмен ва Арцах Республикасининг (арманлар Қорабоғни шундай номлашади) собиқ давлат вазири Озарбойжон оккупациясидан қочаётган бошқа минглаб арманлар билан Арцахни тарк этишга уринганида чегарада Озарбойжон томонидан қўлга олиниб, асир қилинган», — деган у РБК нашрига.
Кўп ўтмай Озарбойжон ҳукумати қўлга олинган бизнесменнинг фотосуратини намойиш этди. Унда унинг қўлига кишан солинганини (суратда бу хиралаштирилган) кўриш мумкин.
Озарбойжон давлат чегара хизматига кўра, Варданян Озарбойжон Республикасидан Арманистон йўналишида ҳаракатланганида «Лочин» чегара пунктида қўлга олинган.
«У Давлат чегара хизмати Тезкор ҳаракатланиш кучлари ходимлари ҳамроҳлигида Боку шаҳрига олиб борилди. Қўлга олинган шахс унга нисбатан тегишли қарор қабул қилиш учун тегишли давлат органига топширилди», — дея идора хабаридан иқтибос келтирган APA агентлиги.
Бу ҳақда хабарлар тарқалган вақтда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Варданяннинг тақдири ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтганди. «Ҳар ҳолда у Россия фуқароси, унда Россия фуқаролиги бор, шунинг учун, агар у ҳибсга олинган бўлса, биз у ёки бу тарзда маълумот олишимиз керак», — деган Песков. Шу билан бирга, у Варданян ҳамон Россия фуқаролигига эгалигини аниқ билмаслигини қўшимча қилган.
Бизнесменнинг Россия Федерацияси фуқаролигидан чиқиш тўғрисидаги сўрови Путиннинг 2022 йил декабридаги фармони билан қаноатлантирилганди, бу ҳақда расмий ҳуқуқий ахборот порталида хабар қилинган.
«Тройка Диалог» инвестиция компанияси ва «Сколково» бизнес мактаби асосчиси, россиялик энг бадавлат бизнесменлардан (2021 йилда Forbes журнали унинг бойлигини бир миллиард долларга баҳолаган) бўлган Варданян 2022 йил сентябрида Россия фуқаролигидан воз кечиш ва Қорабоғга кўчиб ўтиш ҳақидаги қарорини эълон қилганди.
Бир ой ўтиб у тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси президенти Араик Арутюняннинг таклифи билан ҳукуматга раҳбарлик қила бошлайди, аммо 2023 йил февралига келиб истеъфога чиқади. Бу Озарбойжон Лочин йўлагини блоклаб қўйиши фонида рўй беради. Варданян шундан кейин ҳам Тоғли Қорабоғда яшаб келаётганди.











