Жаҳон | 00:40 / 30.09.2023
9089
2 дақиқада ўқилади

«Москва формати» «Толибон»ни афғон халқи турмуш даражасини яхшилашга чақирди

Россияда Афғонистон можаросини ҳал қилиш бўйича «Москва формати» йиғилиши ўтказилди.

Фото: Россия Ташқи ишлар вазирлиги

Россиянинг Қозон шаҳрида Афғонистон бўйича «Москва формати» давлатлари йиғилиши ўтказилди. Унда «Толибон» режими афғонларнинг турмуш даражасини ошириш чораларини кўришга чақирилди. Тегишли декларация матнини Россия ТИВ эълон қилди.

«Биз Афғонистонда кўкнори етиштиришнинг камайгани ҳақидаги хабарларни ҳозирги афғон расмийларининг муваффақиятли қадамлари сифатида қайд этдик. <..> Биз Афғонистоннинг амалдаги расмийларини афғон халқининг турмуш даражасини яхшилаш, миграция ва қочқинларни камайтириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга чақирдик», дейилади декларацияда.

Таъкидланишича, учрашувда иштирок этаётган давлатлар «Афғонистонда барча этносиёсий гуруҳлар манфаатларини акс эттирувчи чинакам инклюзив ҳукуматни шакллантиришда муваффақиятлар йўқлиги»дан афсусда эканлигини билдирган.

Йиғилишда Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Туркманистон ва Ўзбекистондан махсус вакиллар ва юқори мартабали амалдорлар, шунингдек, «Толибон» вакиллари иштирок этган.

Афғонистон можаросини ҳал қилиш бўйича «Москва формати»нинг биринчи йиғилиши 2017 йилда бўлиб ўтди. «Москва формати»нинг асосий мақсади Афғонистонда миллий ярашув ва тинчлик жараёнига кўмаклашиш экани таъкидланган. 2021 йилда «Толибон» «Москва формати»даги учрашувда иштирок этди. 2022 йилда ҳаракат вакиллари бу учрашувга таклиф қилинмади.

«Толибон» ҳаракати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан расман тан олинмаган ва унинг етакчилари БМТ санкциялар рўйхатига киритилган. «Толибон» террорчилик ташкилоти сифатида Россияда тақиқланган. Шунга қарамай, бир қатор давлатлар, жумладан, Россия ҳам ҳаракат вакиллари билан расмий алоқаларга эга.

Мавзуга оид