Нуқтайи назар | 18:07 / 03.10.2023
182374
4 дақиқада ўқилади

Ёшлар миграцияси: ҳам оғриқ, ҳам имконият

Kun.uz'нинг собиқ мухбири, айни пайтда Канадада яшаётган Раҳматилла Исроилов 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар кунида муаллим отасига Chevrolet Monza автомобилини совға қилди.

Раҳматилла Исроиловнинг саҳифасидан скриншот

Машаллоҳ. Бу хабарни ўқиб жуда ҳам хурсанд бўлдим.

Раҳматилланинг “кейси” мени кўп ўйлантиради, баъзида хафа қилади, баъзида хурсанд қилади. Негалигини тушунтираман.

Раҳматилла – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети битирувчиси. Канадага кетишидан олдин Ўзбекистондаги етакчи сайтлардан бирида, эл таниган журналист сифатида ишларди. Албатта, ойлиги осмон-у фалакдек эмас, лекин Тошкент шароити учун ёмон эмасди. Тўғри, бу ойлик билан ижарада яшаётган уйини шахсий уйга, пиёда юришни шахсий машинада юришга алмаштириш жуда қийин, буни тушунаман. Лекин барибир ҳам олий маълумотли, яхши университет битирувчиси, яхши касб эгаси ҳамма нарсасини ташлаб, Канадага таваккал қилиб кетди. Ва дастлабки йилларда нисбатан оғир ишларда (“қора меҳнат” дейишни ёмон кўраман) тирикчилик қилишига тўғри келди.

Ишхонадаги ёш журналистларнинг кўпчилиги Раҳматиллага ҳавас қилади: “У уддалади, кета олди, мана ишлаяпти, мана натижаларга эришяпти, мен-чи?” деган фикрдалар, назаримда. Айнан шу нарса: олий маълумотли, жамият учун фойдали ишда ишлаётган ёшларнинг келажагини ватанида кўра олмаётгани, четга кетиш ҳақида ўйлашга мажбур бўлаётгани – масаланинг мени хафа қиладиган томони.

Бошқа томондан эса, Ўзбекистон ўзининг билимли ёшларининг ҳаммасини ҳам улар истаётган даражадаги маош, етарли ҳаёт сифати билан таъминлаши ҳозирда имконсиз экан, уларнинг бир қисми ҳаракатини қилиб, четга кетиб, тўғри иш қилишяпти, деб ўйлайман. Аллоҳнинг ери кенг... Масалан, бу ҳолатда Раҳматилланинг ризқи Канадада экан, мана, секин-секин бирини икки қиляпти. Хорижда кўп вақт яшаган инсон сифатида биламан, хорижда яшаш осон эмас, лекин вақт ўтган сари одам ўзи яшаётган жойига меҳр қўяди, ўрганади, кўникади.

Айтмоқчиманки, ҳар бир инсон яхши яшашга ҳақли. Шунинг учун иссиқ ўрнини қолдириб, фаровонроқ ҳаёт қуриш учун ватандан ташқарига йўл олганларни фақат олқишлайман. Баракалла, Раҳматилла!

***

Бу постни аслида ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифамга жойлаш учун ёзгандим, ҳозир эса сайтнинг “Нуқтайи назар” рукнига жойлаш фикри келганидан кейин, бироз қўшимча қилишни лозим деб ҳисоблайман. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, ҳар қандай ҳолатда чет элга ишлашга ё ўқишга кетишдан олдин пухта тайёргарлик кўриш лозим. Айниқса, хорижий тилни эртароқ ўрганиш ва фарзандларга ҳам ўргатиш кўпроқ имкониятлар эшигини очади.

Қолаверса, “бу Ўзбекистондан яхшироқ-ку, менга бўлаверади” деб четдаги ҳар қандай ишга ҳам рози бўлавермаслик керак. Айниқса, ҳужжатсиз ишларга. Қонуний йўл билан, расмий равишда кетиш ва расмий тарзда ишлаш – энг тўғриси. Бу фарзандларингизга яхши таълим бериш, сифатли соғлиқни сақлаш тизимидан фойдаланишга имкон беради.

Дарвоқе, бу постдан Канадани мақташ ниятим йўқ. Канада бир мисол холос. У ерда ўзим ҳам бўлганман, ҳудудлари кенг, табиати чиройли жойлар, лекин бироз совуқ: йилнинг катта қисми қишдан иборат. Айтмоқчиманки, Канада ёки АҚШ – ҳамма учун ҳам яшаш учун боришга энг зўр вариантлар бўлмаслиги мумкин. Шахсан мен учун Ўзбекистондан, яқинлардан масофа жиҳатдан ўта узоқлашиб кетмаслик – муҳим омил. Бу жиҳатдан, бизга географик яқин ва яшаш учун қулай бошқа мамлакатлар ҳам бор (Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам).

Қолаверса, вақтинча ёки узоқроқ муддатга яшаш учун мамлакат танлаётганда унинг табиати, экологияси, иқлими, кундалик ҳаёт учун шарт-шароити кабилар биринчи ўринга чиқади, чунки топиш-тутиш масаласи ривожланган давлатларда деярли ўхшаш, харажатлар ҳамма жойда ҳам даромадларга мутаносиб бўлади.

Умид Шермуҳамедов

Мавзуга оид