Кореяда ўзбек диаспораси кенгайиб бораркан, бир нечта шаҳарларда кўплаб ўзбеклар яшайдиган маҳаллалар шаклланиб боряпти. Кимҳэ шаҳридаги Сеосанг-донг – ана шундай жойлардан. Kun.uz мухбири Кореяга сафари давомида Ўзбекистондан минглаб километр узоқликдаги “ўзбек маҳалласи” қандай шакллангани ва у ердаги ҳаёт тарзи билан қизиқди.

Аввало айтиш керакки, Кореядаги ўзбекистонликлар сони 100 минг нафарга яқинлашган ва энг йирик 5 та диаспорадан бирига айланиб улгурган.

Кимҳэ шаҳридаги Сеосанг-донг даҳасидаги биргина кўчада 5-6 та ўзбек дўкони бор. Бу дўконларда Ўзбекистонда сотиладиган маҳсулотларнинг деярли барчасини топиш мумкин. Гўёки маҳалла бошидаги таниш дўконга киргандек бўласиз. Қолаверса, ўзбек ошхоналари ҳам талайгина. Ошхона очганлардан бири – Наврўзжон Сафоев.

Менюда 20 дан ортиқ миллий таомларимиз бор”

Наврўзжон Сафоев, тадбиркор:

— Кореяга келганимизга 6 йил бўлди. Бизнес виза билан келганмиз. Шу пайтгача ошхоналарда ишлаб, тажриба тўпладик. Энди эса ўзимизнинг ҳалол ошхонамизни очдик. Менюда Самарқанд таомлари, 20 дан ортиқ ўзбекча овқатлар бор. Кореяликлар ҳам шоҳона овқатларимиз – палов ва шашликларни ёқтириб ейишади.

Кореяда бизнес қилиш жуда қулай. Ҳамма нарса очиқ, тизимлашган. Ҳужжатлар учун сарсон бўлмайсиз. Давлат органлари ўзи ёрдам беради. Бу ерда қонун устувор. Фуқаро кореяликми, чет элликми, фарқи йўқ – қонун барча учун бир хил.

Ошхонани очиш учун тахминан 100 минг доллардан кўпроқ маблағ ва бир ойдан ортиқ вақт кетди.