Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 4 октябр куни махсус операция давомида қонунларга беписанд ўғри Қамчибек Қўлбоев йўқ қилинди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази уюшган жиноий гуруҳ раҳбарини ушлаш амалиёти вақтида у қуролли қаршилик кўрсатгани ва отиб ўлдирилганини маълум қилган.

«Қамчибек Асанбекнинг қурол билан МХДҚ ходимларининг ҳаёти ва соғлигига тажовузкорона ҳаракатлари натижасида махсус бўлинма ходимлари жавоб тариқасида ўқ узишга мажбур бўлган», — дейилади махсус хизматларнинг расмий хабарида.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳам Қўлбоевнинг йўқ қилинишини изоҳлади.

«Мен МХДҚ раиси сифатида кўп бор огоҳлантирдим. Ҳамма қонунбузарлар қонун олдида жавоб беришади деб кўп такрорлаб келдим. Шунга қарамасдан, кечаги воқеада жиноят олами яна бош кўтарди. МХДҚ махсус операциясига қаршилик кўрсатди. Улар бизнинг ходимларга қўл кўтаришгани, ўт очишгани ҳақида маълумотга эгасизлар. Шу боис, қонунларга беписанд ўғри йўқ қилинди.

Мен криминал авторитетнинг ён-атрофида бўлганларнинг барчасига расман таъкидлаб ўтмоқчиман. Агар кимдир қонунни бузишга уринса, ноқонуний хатти-ҳаракатларга қўл урса, қонун доирасида жазоланади. Жазоланганда ҳам қатъий жазоланади. Агар бирор жиноий тўда бош кўтарса, биз бу бошни кесамиз. Мен буни очиқ айтяпман. Шунинг учун яна бир бор эслатаман, агар криминал авторитетнинг ён-атрофидаги кимдир қонунларни бузишга уринса, биз қонун доирасида уни қатъий жазога тортамиз», — деган Ташиев.

Қўлбоев 5 октябр куни ўзи туғилган Чўлпонотада дафн этилди. Унинг жаноза маросимида 5 мингдан зиёд киши иштирок этгани хабар қилинган.

Қамчибек Қўлбоев — шубҳасиз, кучишлатарлар учун ёқимсиз шахс бўлган. У билан ҳисоблашишга мажбур бўлишган. Турли даврларда у кўплаб сиёсатчилар, жумладан, давлатнинг биринчи шахслари билан алоқада бўлган. Қирғизистоннинг 24.kg таҳририяти энг катта таъсир кучига эга бўлган криминал етакчилардан бирининг ҳаётидан характерли фактларни тўплаб чиқди