Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги уруш тўққиз кундирки давом этмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар 7 октябр куни Ғазо сектори ҳудудидан туриб ракета зарбалари берилиши, бунинг ортидан ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» гуруҳлари аъзолари Исроил ҳудудига кириб келиши билан бошланганди. Фаластинликларнинг Исроил жанубига уюштирган рейди оқибатида 1300 дан ортиқ исроиллик ҳалок бўлган, 3400 атрофидаги киши яраланган. Бунга жавобан Исроил ўша куниёқ Ғазо сектори бўйлаб ёппасига авиазарбалар бера бошлади.

Шу билан бирга, Исроил мудофаа армиясининг (ЦАҲАЛ) шу ҳафта охирида бошланиши мўлжалланган қуруқлик амалиёти бир неча кунга кечиктирилган, бунинг сабабларидан бири ноқулай об-ҳаво шароитидир, дея ёзган The New York Times Исроил армиясидаги юқори мартабали манбага таянган ҳолда.

Унинг сўзларига кўра, булутли об-ҳаво қуруқликдаги қўшинларни ҳаводан туриб қўллаб-қувватлаши керак бўлган исроиллик учувчилар ва дрон операторларининг имкониятларини чеклаши мумкинлиги шундай қарорга сабаб бўлган. Қуруқлик амалиётида ўн минглаб аскарлар, танклар, сапёрлар, авиация ҳамда артиллерия томонидан қўллаб-қувватлаб туриладиган махсус топшириқли бўлинмалар иштирок этиши кутилмоқда.

ЦАҲАЛ матбуот хизмати 14 октябр куни кечқурун Исроил армияси қуруқлик амалиётига тайёр экани ҳақида хабар тарқатганди. Бундан олдинроқ ҳарбийлар Ғазодаги тинч аҳолини сектор жанубига эвакуация бўлишга чақирганди. ҲАМАС эса бу баёнотга эътибор бермасликка чақирган.

Исроил қандай жавоб қайтармоқда?

Исроил мудофаа армияси 15 октябрга ўтар кечаси Ғазо сектори бўйлаб йўлланган авиазарбалар оқибатида ҲАМАСнинг «Нуҳба» бўлинмаси қўмондони Билол Ал-Кедра ўлдирилганини маълум қилди.

Исроиллик ҳарбийлар ҳисоблашича, Хон-Юнис шаҳридаги «Нуҳба» қўмондони Исроилнинг Ғазо сектори билан чегарадаги Нирим кибуцида уюштирилган қирғин учун масъул ҳисобланади. Авиазарба чоғида ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди»нинг бошқа аъзолари ҳам ўлдирилгани айтилган.

14 октябр куни кечқурун ва 15 октябрга ўтар кечаси ЦАҲАЛ Ғазо секторида Зайтун, Хон-Юнис ва ғарбий Жабалиядаги юздан ортиқ нишонларга зарбалар йўллаган. ҲАМАСнинг қўмондонлик марказлари, ҳарбий комплекслар, ракета учириш қурилмалари ва кузатув пунктлари зарбалар нишони бўлган. Шунингдек, «Ислом жиҳоди» қўмондонлик марказлари ҳам нишонга олинган, дейилади Исроил мудофаа армияси матбуот хизмати хабарида.

Аввалроқ New York Times газетаси исроиллик ҳарбийларнинг ҳисоботига асосланган ҳолда Исроил ҳарбий қўмондонлиги Ғазо шаҳрини эгаллаш учун 10 минг кишилик қўшин юбориш ва сектор раҳбариятини «йўқ қилиш»ни режалаштираётгани ҳақида хабар тарқатганди. Ҳисоботда айтилишича, бу 2006 йилги Иккинчи Ливан уруши (ўшанда Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўртасида уруш чиққанди) давридан буён энг йирик юриш бўлади ва ЦАҲАЛ Ғазо секторининг бир қисмини камида маълум вақтга қўлга олишга ҳаракат қилади. Шундан кейинроқ қуруқлик амалиёти булутли ҳаво шароити туфайли кечиктирилиши ҳақида хабарлар чиқди.