Нуфузли тадбирда 130 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. UNWTO Бош ассамблеясининг юбилей 25-сессияси дунё ҳамжамиятининг Ўзбекистонга бўлган эътиборини кучайтиради дейилади Uzbektourism расмий хабарида.

16–20 октябрь кунлари Самарқанддаги «Silk Road Samarkand» сайёҳлик мажмуасида БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтади.
Бош ассамблеянинг Ўзбекистонда ташкиллаштирилган бу галги сессиясида дунёнинг барча қитъаларидан 130 дан ортиқ давлат иштирок этади. Бу Бош ассамблеянинг аввалги сессияларига нисбатан юқори кўрсаткич ҳисобланади.
UNWTO Бош ассамблеяси доирасида Самарқандда Халқаро Инвестиция форуми, Халқаро таълим форуми, «Энг яхши туризм қишлоқлари»ни тақдирлаш маросими, шунингдек, қатор ялпи сессиялар ва маданий тадбирлар бўлиб ўтади.
Ушбу нуфузли тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши дунё ҳамжамиятининг мамлакатимизга бўлган эътиборини янада кучайтиради. Бош ассамблея тадбирларига Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо барча давлатларнинг оммавий ахборот воситалари, инвесторлар ташриф буюради ва барча учун муҳим ҳисобланади.
Тадбирга раислик қилувчи БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили Самарқандга келди. Юқори мартабали меҳмонни UNWTO Бош Ассамблеясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати ташкилий қўмитаси раиси ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев кутиб олди.

Глобал инвестиция форуми
UNWTO Бош Ассамблеяси 25-сессияси доирасида Глобал инвестиция форуми ва кўргазма ташкил этилади. 17–18 октябр кунлари ўтказиладиган форумда вазирлар ва халқаро молия институтлари раҳбарлари даражасида муҳокамалар, 5 та панел сессияси ҳамда 22 та тақдимот ўтказилиши режалаштирилган.
Форум давомида Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди мавжуд туристик-инвестицион салоҳияти, 3 та туристик-рекреацион зона (Зомин, Чорвоқ, Чимён), Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, 4 та стартап лойиҳалари (Япония, Чехия, Франция ва Бразилия) намойиш этилади. Бундан ташқари, Туризм қўмитаси, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Uzbekistan airports» АЖ ва «Uzbekistan helicopters» МЧЖларнинг стендлари ташкил қилинади.









