Бир неча кундан бери Яқин Шарқда Исроил ва Фаластиннинг Ғазо сектори ўртасида қуролли можаро содир бўлмоқда. Ҳар икки томондан кўплаб одамлар ҳалок бўлишди. Бинолар вайрон бўлди.

Ана шу можаро фонида Ғарб давлатларининг аксарияти Исроилни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бироқ Ғарбда яшовчи оддий аҳоли ғазоликларни қўлламоқда. Ҳар куни йирик шаҳарларда юз минглаб одамлар Ғазони, Фаластинни ва арабларни қўллаб намойишларга чиқмоқда.

Фаластин-Исроил можароси асоси ер талашишдан келиб чиққан. Яҳудийлар 1947 йилда чиқарилган БМТ резолюциясини писанд қилмаган ҳолда йилдан йилга фаластинликларнинг ерларини тортиб олиб, ўз ҳудудига қўшиб бормоқда.

Исроил яҳудийларнинг мустақил давлати бўлса, бу миллатга тегишли яна бир маъмурий бирлик бор ва уни кўпчилик ҳам билавермайди. Бу маъмурий бирлик Россиянинг Узоқ Шарқдаги ҳудудида жойлашган ва у Яҳудий мухтор вилояти (Еврейская автономная область) деб аталади.

Хўш, советлар нега Узоқ Шарқда Яҳудийлар мухтор вилоятини ташкил этган? СССР даврида бу саволларни бериб бўлмасди, дарров миллатчиликда айблашарди.

Зулм салтанати парчаланиб кетгандан сўнг маълум бўлдики, советлар яҳудийларга аввалига Қримни бермоқчи бўлишган. Бироқ бу иш амалга ошмаган ва яҳудийлар учун «гадойтопмас» жойлардан ер ажратишган.

«Яҳудийлар революцияси»

СССРда яҳудийлар мухториятини (автономияси) ташкил этиш тарихи бир томондан Октябр тўнтаришига бориб тақалади. Ғарбда айрим тадқиқотчилар бу тўнтаришни «Яҳудий революцияси» деб аташади.

Уларга кўра, 1917 йилда содир бўлган тўнтаришда яҳудийлар актив қатнашган ва бундан мақсад Россияни немислардан тортиб олиш бўлган.

Россияда Романовлар сулоласи ҳукмронлик қила бошлаган пайтлардан буён немислар билан алоқалар яхши бўлган ва бу давлатга кўплаб немислар кўчиб келган.

Яҳудийларнинг эса 19-аср ўрталаригача ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқлари бўлмаган. Уларга Россиянинг йирик шаҳарларига кириб жойлашиш тақиқланган. Яҳудийларни ҳарбий хизматга олишмаган.

Бироқ Октябр тўнтаришидан сўнг кечагина ҳақ-ҳуқуқлари топталиб турган миллат вакиллари ҳокимият тепасига келади. Тўнтаришдан сўнг тайинланган илк халқ комиссарларининг аксарияти яҳудий миллатига мансуб бўлган.

Октябр тўнтаришидан сўнг хорижга кўчиб кетган ва кейинчалик АҚШда яшаган рус сиёсатчиси ва ёзувчиси Андрей Занкевич (Дикий) ўзининг «Яҳудийлар Россия ва СССРда» китобида Октябр тўнтаришидан сўнг халқ комиссарлари бўлган шахсларни санаб ўтган ва 22 нафар «нарком»дан 17 нафари яҳудий бўлганини ёзган.