BBC’нинг Ғазодаги мухбири Рушдий Абу Алуф Исроил ҳарбий қўмондонлиги буйруғига бўйсунган ҳолда сектор жанубига кўчиб ўтган. Қуйида – унинг Хон-Юнис шаҳрида кўрганлари ҳақидаги ҳикояси келтирилади.
Шимолдан юз минглаб кишилар бу ерга дуч келган восита орқали етиб олмоқда — агар ёнилғи топилса машиналарда, агар топилса от ва эшак араваларда, бошқа йўли бўлмаса, пиёда.
Хон-Юнисда улар аҳоли сони бир кечада икки баробар кўпайишига мутлақо тайёр бўлмаган шаҳарга дуч келишмоқда.
Ҳар бир хона, ҳар бир бурчак, ҳар бир кўча эркаклар, аёллар ва болалар билан тўлган. Ва уларнинг боришга бошқа жойи йўқ.
ҲАМАС маълумотига кўра, сўнгги 48 соатда Ғазонинг шимолий қисмида яшовчи 1,1 миллион кишидан 400 минг нафари Исроил буйруғини бажарган ҳолда Салоҳ-ид-Дин кўчаси бўйлаб жанубга йўл олган.
Улар орасида икки кунлик озиқ-овқат захирасига эга мен, рафиқам ва уч фарзандим бор.
Кўпчилик учун Ғазодаги жангарилар Исроилда 1300 кишини ўлдирганига жавобан исроилликларнинг авиазарбалари ва бошланиши кутилаётган босқини хавфи — ҲАМАСнинг уйларини тарк этмаслик тўғрисидаги буйруғидан устун туради.

Аммо барча томондан блокланган ва ташқи дунёдан узилган ушбу тор ҳудудда ҳеч қачон қаерга бориб қолишингни билмайсан. Ва ҳеч қаерда хавфсизлик кафолатланмаган.
Ва бомбардимонлар туфайли уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган, паришон, жуда қўрқиб кетган Ғазо аҳолисининг катта қисми буёғига нима бўлишини билмаган ҳолда шу ерда, Хон-Юнисда йиғилди.
Одатда 400 минг киши яшайдиган ушбу шаҳардаги одамлар сони бир кечада бир миллионгача кўпайди. Ғазо шимолидаги аҳолидан ташқари 2014 йилги уруш вақтида жиддий жабр кўрган шарқий ҳудудлар аҳолиси ҳам шу ерга келган.

Уларнинг ҳар бири турар жой ва озиқ-овқатга муҳтож, аммо бундай ёрдам уларга қанча вақтгача керак бўлишини ҳеч ким билмайди.




















