19 август куни Исроил ҳарбийлари Ғазо урушида қўшинлар томонидан фаластинликларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ иккита шов-шувли иш: 5 ёшли қизалоқ Ҳинд Ражаб ҳамда ўндан ортиқ тиббиёт ходимларининг ўлими бўйича жиноий тергов бошлашини маълум қилди.
New York Times'нинг ёзишича, ушбу ишларни жиноий терговга ўтказиш тўғрисидаги қарор – ҳарбий фактларни ўрганиш миссияси томонидан узоқ вақт давомида кўриб чиқилгач қабул қилинди.
Жиноий терговга тортилган ишлардан бири 2024 йил январь ойида Ғазо шаҳрида автомобиль ичида ўлдирилган Ҳинд Ражаб ва унинг олти нафар оила аъзосининг ўлимига тааллуқли.
Иккинчи иш эса 2025 йилнинг март ойида Ғазо жанубида 14 нафар фаластинлик шифокор ва қутқарувчилар отиб ташланиши билан боғлиқ. Исроил ҳарбийлари уларни ўлдирганидан кейин у ердан машинада ўтиб кетаётган БМТ ходимининг ўлимига олиб келган отишма уюштирганди.

«World Central Kitchen» ҳарбийларнинг ҳисоботини ва ишни ёпиш ҳақидаги қарорини рад этди. «Ҳужумлар учун ҳеч қачон ҳеч қандай баҳона ёки оқлаш бўлмаган ва ушбу ҳисоботда ҳам буни оқлайдиган ҳеч нарса йўқ», дейилади гуруҳнинг ижтимоий тармоқлардаги баёнотида. «Қарор тўлиқ ҳақиқатга мос келмайди ва ўта ҳақоратлидир».

Шунингдек, Исроил ҳарбийлари яна 2 ҳолатдаги ҳужумлар бўйича иш очишни рад қилди:
- 2024 йил февраль ойида «Чегарасиз шифокорлар» ташкилоти жойлашган бинога қилинган ҳалокатли ҳужум;
- 2023 йил ноябрь ойида Ғазо шаҳрида карвон таркибида кетаётган тиббиёт ташкилотининг икки ходими ўлдирилгани бўйича ишлар.
Нашрнинг ёзишича, Исроил ҳарбийларининг уруш давридаги хатти-ҳаракатларни ўрганувчи фактларни излаш миссияси 150 га яқин ҳодисани кўриб чиқишни якунлаган. Текширувчи орган ўзини — ҳарбийларнинг доимий буйруқбозлик занжиридан ташқарида фаолият юритувчи мутахассислардан иборат эканини қўшимча қилган.
Ҳинд Ражабнинг ўлдирилиши
5 ёшли қизалоқ Ҳинд Ражабнинг ўлдирилиши Исроилнинг Ғазодаги геноцид уруши давомида минглаб болалар ўлими билан боғлиқ энг шов-шувли воқеа бўлганди.
Ҳинд 2024 йил 29 январ куни дастлабки отишмадан омон қолган ва ҳалок бўлган қариндошлари билан машина ичида қамалиб қолганди. У фаластинлик тиббиёт ходимларидан мобил телефон орқали ёрдам юборишларини ёлвориб сўраган. Ғазода унга тез ёрдам машинаси жўнатилган.
Ўшанда улар воқеа жойига етиб келганидан кўп ўтмай диспетчерлар қиз билан ҳам, қутқарувчилар билан ҳам алоқани йўқотишди. Ўн икки кундан кейин ҳудуддан қизнинг, унинг қариндошлари ва икки нафар тез ёрдам ходимининг жасадлари топилди.
Ҳарбийлар аввалроқ қиз ўлдирилган жой яқинида ўз қўшинлари бўлганини инкор этган. Чоршанба куни Исроил ҳарбийлари бир неча ой давом этган текширувдан сўнг, қўшинлар автомобиль уларга яқинлашиб келаётганида унга қараб ўқ узгани тан олди.

Ҳарбий жиноятда айбланаётган исроилликларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўришга интилаётган, Брюсселдаги «Ҳинд Ражаб» фонди Исроил ҳарбийларининг жиноий тергов очиш ҳақидаги қарорига «ишончи йўқлигини» айтди.
«Ушбу маълум қилинган терговлар, ҳатто улар рўй берса ҳам, адолат сари ташланган чинакам қадам деб адаштирилмаслиги керак», дейилади фонд баёнотида. Шунингдек, улар Исроилнинг ўз аскарлари хатти-ҳаракатларини текшириши «тубдан хато» эканини таъкидланган.
Қизнинг бувиси Ғазодаги кўчирилганлар қароргоҳида Reuters'га берган интервьюсида ўзи ва қизнинг оиласи «Исроил давлати суд тизимига ишонмаслигини» айтди. «Адолат бутун дунёдан келади деб умид қиламиз. Биз халқаро одил судлов тизимига тўлалигича мурожаат қиламиз», деди қизга ўз исмини берган бувиси Ҳинд Ражаб.
«Камдан-кам ҳолларда айблов билан якунланадиган тергов»
NYTнинг ёзишича, бундай ҳарбий полиция терговлари кўпинча секин кечади ва камдан-кам ҳолларда айбдорларни жазолаш билан якун топади. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи гуруҳлар илгари ҳарбийларнинг урушлардаги ўз ҳаракатлари юзасидан ўтказган ички терговларини танқид қилиб, бу жараённи айбларни хаспўшлаш деб баҳолаган эди.
«Yesh Din» ҳуқуқ ташкилоти тадқиқотчиси Ден Оуэннинг таъкидлашича, сўнгги ўн йил ичида текширувларнинг жуда «кичик» қисмигина айблов хулосаларига олиб келган. Ўсиб бораётган сиёсий босим эса «Исроил ҳуқуқ-тартибот органларини ҳатто аниқ далиллар мавжуд бўлган тақдирда ҳам, айбдорларни жавобгарликка тортишдан янада қайтармоқда».

Исроил 2023 йил 7 октябрда Ҳамас бошчилигидаги ҳужумдан сўнг ушбу геноцидга айланиб кетган урушни бошлашди. Исроил расмийларининг маълум қилишича, 7 октябрдаги ҳужумда тахминан 1200 киши ҳалок бўлган, яна 250 га яқин киши гаровга олинганди.
Ғазода 2025 йил октябр ойида Ҳамас ва Исроил ўртасида АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганди. Аммо орадан қарийб бир йил ўтиб ҳам, Исроил ўзи «аниқ мақсадли қотилликлар» деб атайдиган амалиётларини давом эттирмоқда. Хусусан, сулҳдан кейин Исроил ўқларидан Ғазода мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди.









