Жаҳон | 10:44 / 25.10.2023
6620
2 дақиқада ўқилади

Вакиллар палатаси спикери сайлови: учинчи номзод курашдан чиқди

Республикачилардан АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери лавозимига тўртинчи номзод Майк Жонсон бўлди.

Майк Жонсон Фото: REUTERS/Jonathan Ernst

Республикачилар АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери лавозимига яна бир номзод – конгрессмен Майк Жонсонни (Луизиана штатидан) илгари сурди. Бу ҳақда унинг ҳамкасби Элиз Стефаник X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Жонсон номзоди 24 октябр, сешанба куни кечқурун бўлиб ўтган ёпиқ овоз беришдан сўнг илгари сурилди. Аввалроқ, конгрессмен Том Эммер (Миннесота штатидан) партия ўта ўнг қанотининг уни қўллаб-қувватлашга қаратилган босими натижасида номзоди эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб Вакиллар палатаси спикери учун курашдан чиқиб кетгани хабар қилинганди. АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп ҳам Эммернинг номзодига қарши чиқди. 

Вакиллар палатаси 3 октябр куни спикерликдан четлаштирилган Кевин Маккарти ўрнига уч ҳафтадан бери номзод топа олмаяпти. Эммердан ташқари, конгрессменлар Стив Скализ ва Жим Жордан бу лавозимни республикачилардан эгаллашга ҳаракат қилди, бироқ иккаласи ҳам партиядошларининг етарлича кўмагини қўлга кирита олмади. 

 

Мавзуга оид