Ўзбекистонда дорихоналар ҳатто энг қалтис, ножўя таъсири кўп дориларни сотишда ҳам камдан кам ҳолатда рецепт сўрайди. Ривожланган мамлакатларда эса бунинг акси: шифокор рецепти бўлмаса, дори сотиб олиш амримаҳол. Kun.uz мухбири Тошкентдаги ўндан ортиқ дорихоналарга кириб вазиятни ўрганди, ечим нимада деган савол билан Фармагентлик раҳбарига юзланди.
2024 йил декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 1491 та рецептсиз ва 7121 та рецепт билан сотиладиган дори воситалари рўйхатга олинган. Лекин деярли барча ҳолларда рецепт билан олинадиган дориларни рецептсиз харид қилишга ўрганиб қолганмиз.
Истеъмолчи бирон дорини сўрайди, дорихона ходими эса бераверади.
Kun.uz қонунчиликда белгиланган талабларга аксарият ҳолларда амал қилинмаслигини Чилонзор ва Учтепа туманларида жойлашган 15 га яқин дорихоналардан ўрганди: мухбиримиз рецепт билан сотиладиган дориларни рецептсиз сўраб кўрди.
Тажрибамизда Чилонзор туманидаги бир нечта дорихона ходимлари “Нормодипин”, “Мезатон”, “Янтасол”, “Фексоник”, “Омепразол” , “Пентоксим” каби дори воситаларини ҳеч қандай рецептсиз берди.
Kun.uz мухбири буйрак, юрак оғриғига дори сўраб кўрганда, айрим фармацевтлар рецепт билан, яна баъзилари рецептсиз сотиладиган дори воситаларини тавсия қилди.
Ўрганиш давомида фақат 2 та дорихона ходимлари низом талабларига риоя этиб, рецепт билан бериладиган дори воситаларини бизга сотмади.
Хусусан, буйрак оғриғига қарши дори сўралганда, Чилонзор тумани Қатортол кўчасида жойлашган дорихона ходими бундай дори бера олмаслигини, бу учун жавобгарлик борлигини эслатди. Бошқа дорихона ходими эса провизор томонидан юрак, буйрак оғриғи ва қон босимига қарши дори тавсия қилиш мумкин эмаслигини айтди.
ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Kun.uz'га маълум қилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддаси 1-қисми билан дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади. Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш эса БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.








