2021 йилда Жиззах эркин иқтисодий зонасида фаолиятини йўлга қўйган “ADM Jizzakh” автомобилсозлик заводи 2024 йилдан бутунлай янги босқичга ўтади ва автомобилларнинг тўлиқ ишлаб чиқарилишини йўлга қўяди.
Мазкур заводнинг кенг қамровли фаолияти, ишлаб чиқариш билан боғлиқ жараёнлар, ишчи-ходимлар малакаси, тажрибасини ошириш учун яратилган имкониятлар билан яқиндан таништириш мақсадида бир гуруҳ журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил қилинди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбат давомида Бош директор Данияр Давлетияров завод тўлиқ қувват билан ишлаши учун сўнгги ишлар олиб борилаётгани, бир қатор ишчи-ходимлар эса соҳа бўйича етакчи мамлакатларда тажриба ошириб келгани ҳақида маълумот берди.
Деярли 100 гектар майдонда жойлашган ушбу заводни, автомобилсозлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш марказини яратишга қаратилган тўлақонли технологик шаҳар, деб аташ мумкин. Лойиҳа бир неча босқичда амалга оширилмоқда.

Биринчи босқич –автомобилларни SKD усулида, яъни йирик узелли ишлаб чиқариш усулида, йиғиш 2020 йилда бошланган бўлиб, 2021 йил март ойида муваффақиятли ишга туширилган. Ҳозирги кунга қадар “Kia”, “Chery”, “Haval” ва ҳоказо брендлар остида умумий қиймати 7,3 триллион сўмдан ортиқ бўлган 33 мингдан зиёд автомобиллар ишлаб чиқарилган.

Бу вақт давомида Жиззах, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларидан 1200 нафардан ортиқ ёш ишчи ва мутахассислар иш билан таъминландилар. Шундан қарийб 100 нафари хотин-қизлардир.
Ҳозирги вақтда завод тўлиқ ишлаб чиқариш жараёнларини ўзлаштириш ва автокомпонентларни маҳаллийлаштириш босқичига ўтган.

Пресс-тур иштирокчилари айнан мана шу жараёнлар билан яқиндан танишдилар. Яъни, компания томонидан йирик узелли йиғиш услубини ўзлаштириш билан бир қаторда кузовларни пайвандлаш, бўяш, автомобилларни йиғиш ва якуний синовдан ўтказишдан иборат бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш жараёнларини ўзлаштирган ҳолда автомобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Киритиладиган ишлаб чиқариш қуввати йилига 100 000 дона автомобилни ташкил қилади. Қисқа қилиб айтганда, келаси йилдан бошлаб “ADM Jizzakh” заводида автомобиллар тўлиқ ишлаб чиқарилади.





















