Тадбир ҳамкорлик якунларини сарҳисоб қилиш, янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини муҳокама қилиш ҳамда мамлакат автомобиль саноатида маҳаллийлаштиришни янада ривожлантириш истиқболларини белгилаш учун махсус майдонга айланди.

Тадбирнинг биринчи куни ADM Jizzakh’нинг амалдаги маҳаллий етказиб берувчилари билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларига бағишланди. Иштирокчилар 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ҳамкорликдаги иш якунларини сарҳисоб қилишди, амалга оширилган лойиҳалар натижаларини кўриб чиқишди ва яқин истиқболда ишга туширилиши режалаштирилган ташаббусларни муҳокама қилишди.

Иккинчи куни заводга Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган автомобиль компонентларини ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари, шунингдек, хорижий ҳамкорлар ташриф буюришди. Ишбилармонлик учрашувлари доирасида томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, етказиб берувчиларга қўйиладиган талаблар ва ADM Jizzakh’нинг янги лойиҳаларида иштирок этиш имкониятларини муҳокама қилишди.

Автомобил компонентларини маҳаллийлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш автомобиль соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарилган компонентлар улушининг ошиши ишлаб чиқариш занжирларини мустаҳкамлаш, янги иш ўринларини яратиш, корхоналар салоҳиятини ривожлантириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Тадбир доирасида, шунингдек, Kia K3 ва Kia Sonet автомобиллари учун локализация қилинган ва импорт компонентлар кўргазмаси ташкил этилди. Экспозицияда Kia K3 модели учун йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 57,47 млн АҚШ долларини ташкил этувчи 145 дона компонент, шунингдек, Kia Sonet модели учун йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 24,46 млн АҚШ долларига тенг бўлган 593 дона компонент намойиш этилди.

Очиқ эшиклар кунлари ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар ўртасида бевосита профессионал мулоқот учун имконият яратди. Иштирокчилар тажриба алмашишди, ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишди ҳамда саноат кооперациясини янада ривожлантириш бўйича таклифларни шакллантиришди.

Бундай тадбирларнинг ўтказилиши ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, бўлажак етказиб берувчилар доирасини кенгайтириш ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади. ADM Jizzakh учун маҳаллий ишлаб чиқариш базасини ривожлантириш маҳаллийлаштириш даражасини изчил ошириш ва маҳаллий автомобиль саноатини қўллаб-қувватлашга қаратилган стратегик устувор йўналиш бўлиб қолмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида