Жаҳон | 07:40 / 04.11.2023
8772
2 дақиқада ўқилади

Непалда зилзила оқибатида 120 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

Непалда зилзила оқибатида 120 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳат олди.

Фото: Reuters

Непал ғарбида 4 ноябр, шанбага ўтар кечаси содир бўлган кучли зилзила оқибатида 128 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳатланди, деб хабар берди dpa маҳаллий ҳокимият органларига таяниб

Непалнинг зилзила мониторинги ва тадқиқоти миллий маркази 6,4 магнитудали зилзилани қайд этди. Унга кўра, зилзила эпицентри Непал пойтахти Катмандудан 400 км узоқликда жойлашган Жаяркот вилоятида бўлган. АҚШ Геология хизмати зилзила кучини 5,6 балл, Ҳиндистон сейсмологик маркази 6,4 балл, Потсдамдаги Германия Геофизика тадқиқот маркази 6,2 балл деб баҳолади. 

Одамлар вайроналар остида қолиб кетгани сабабли қурбонлар сони ортиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. 

Ерости силкинишлари Ню-Деҳлида ҳам сезилган

ОАВ маълумотларига кўра, Непалдаги зилзила ҳатто Ҳиндистон пойтахти Ню-Деҳлида ҳам сезилган. 

Непал бош вазири Пушпа Камал Даҳал «зилзила оқибатида етказилган инсоний ва моддий зарардан чуқур қайғуда» эканини билдирди. Ҳукумат қидирув ва қутқарув ишларига ёрдам бериш учун хавфсизлик кучларини юборди. 

Непалда тез-тез зилзилалар содир бўлади. 2015 йилда 7,8 магнитудали зилзила оқибатида 9 мингга яқин одам ҳалок бўлган, миллионга яқин бино вайрон бўлган. 

Мавзуга оид