2 ноябр куни Франция президенти Эммануэл Макрон Самарқандга келди. Унга каттагина делегация ҳамроҳлик қилди.
Шавкат Мирзиёев ва Макрон учрашувида икки мамлакат муносабатларини кейинги босқичга олиб чиқиш борасида кўплаб қадамлар ташланди, делегациялар саккизта келишув имзолади. Жумладан, Ўзбекистон-Франция савдо палатаси ишга туширилди ва Business France агентлиги офисини очиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистонва Франция ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар жуда салмоқли. Ўзбекистоннинг Франция билан муносабатлари ҳар доим Европанинг бошқа давлатларига нисбатан юқорироқ бўлган. Мисол учун, 2016 йилда Ўзбекистонда президент ўзгаргандан сўнг Шавкат Мирзиёев Европа Иттифоқи давлатларига биринчи ташрифини айнан Франциядан бошлаган эди. 2018 йилнинг 8-9 октябр кунлари Эммануэл Макроннинг таклифига кўра Мирзиёев бошчилигидаги делегация Парижда бўлган, икки тарафлама ўн ҳужжат имзоланган эди. Хўш, Франция Ўзбекистон учун нимаси билан аҳамиятли? Нега бу давлат билан ўзаро алоқалар муҳим?
Франция «Катта еттилик»ка кирувчи давлат, унинг дунё сиёсати, геосиёсати ва иқтисодиётидаги улуши жуда салмоқли. Франциянинг ялпи ички маҳсулот ҳажми тахминан 3,7 триллион доллар билан дунёда биринчи ўнликка киради. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий беш аъзосидан бири.
Коллектив ғарб ҳеч қачон бир таркибли ва бир қарашли бўлмаган. Франция «коллектив ғарб»даги бир неча фракциялардан «континентал Европа» фракцияси лидери. Францияда «голлизм» геосиёсий қараши тарафдорлари ҳар доим кучли. Голлизмга кўра, Франция англосаксонлар фракциясидан, энг аввало, АҚШдан маълум масофа сақлаши ва геосиёсий мустақил бўлиши керак деган доктрина мавжуд. Шунинг учун ҳам Европа Иттифоқи билан ишончли муносабатлар шакллантириш учун энг аввало Франция билан ижобий алоқалар юқори бўлиши назарда тутилади.
Франция айни пайтда ғоялар, қадриятлар, цивилизациялар ўзаро тўқнашадиган, муносабат ва мувозанатга киришадиган катта «ўчоқ»ни эслатади. Бир томондан либерал, демократик қадриятлар ва ғоялар, бошқа томондан диний, этник, миллий қараш ва қадриятлар ҳам француз жамиятида жуда кучли. Ғарб давлатлари ичида айнан Францияда энг катта мусулмон ва яҳудий жамоалари яшайди. Агар Франция аҳолиси 67 миллиондан ошса, ундан камида 7 миллиони – мусулмонлардир.
Оддий одамлар нигоҳида Франция мусулмонлар учун ноқулай давлат бўлиб кўриниши мумкин, лекин аслида вазият анча мураккаб. Францияда диний эркинликлар таъминланган, давлат – ҳуқуқий ўзандан чиқиб кетмайди, суд ҳокимияти мустақил ва айни пайтда, жамиятнинг маълум қатламларида ислом ва мусулмонларга салбий қараш ҳам йўқ эмас.
















