Глобаллашув жараёнида Туркий давлатлар ташкилотининг ўрни ўсиб боряпти. 3 ноябр Қозоғистон Остона шаҳрида ташкилотнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Kun.uz саммитда янграган баёнотлар ва муҳим келишувларни таҳлил қилиш учун сиёсий таҳлилчи Сайфиддин Жўраевга юзланди.
— Остонадаги саммит айни дунёда геосиёсий тартибот ўзгариб бораётган пайтда бўлди. Шундай вазиятда Туркий давлатлар ташкилотининг ўрни қай даражада ва қандай ривожланяпти?
— Дунё ўзгариш жараёнида, аниқ тартибот йўқ. Ҳали бу жараёнлар оқибати нима билан тугаши номаълум. Шу нуқтаи назардан ҳар битта давлат ўз манфаатларидан келиб чиқиб, ўз ўрнига эга бўлишга ҳаракат қиляпти.
Туркий давлатлар ташкилотига кирувчи давлатларнинг жойлашуви, геосиёсий, стратегик аҳамияти жуда ҳам муҳим, тарихан ҳам шундай. Маълум бир даврларда дунё тартиботларини бошқарган бу давлатлар. Катта давлатчилик тарихига эга.
Туркий давлатлар ҳам бир қутбга айланади. Туркия Европа ва Осиёни бирлаштирувчи нуқтада жойлашган. Кейинги йилларда иқтисодий ривожланиш ошиб боряпти. Туркия аҳоли сони ҳам кўпаймоқда. Туркия аҳолисида юқори технологик билимларга эга одамлар кўп, бундан ташқари, ўзгача ватанпарвар халқ ҳисобланади.
Озарбойжон. Кавказ минтақаси доим дунё сиёсатида муҳим рол ўйнаган, Европа ва Марказий Осиёни боғловчи ҳудуд. Россия, Эрон каби давлатлар билан чегарадош. Нефт-кон саноати ривожланяпти. Умуман, катта стратегик аҳамиятга эга давлат Озарбойжон ҳам.
Марказий Осиё. Минтақамиз Европа ва Жануби-Шарқий Осиёни боғловчи ҳудуд. Икки катта куч марказига яқин жойлашганмиз. Дунёда тартибот ўзгарган сари Осиёга муносабат, роли ошиб боряпти. Транспорт коридорлари нуқтаи назардан туркий давлатлар энг кўп транзит ҳудудига эга. Марказий Осиё, Озарбойжон, Туркия йўналиши энг муҳим коридор. Бундан кейин бу транзит аҳамияти ошиб бораверади.
СССР даврида туркий давлатлар ажратиб қўйилган эди. Ҳозир эса маданий, гуманитар бирлашиш юз беряпти. Шунинг учун ҳам бу ташкилот юзага келди. Ташкилотга Ўзбекистон қўшилиши жуда муҳим воқелик бўлди. Бутун дунё экспертлари ҳам шуни таъкидлайди.
— Транспорт коридорлари ҳақида гаплашсак. Бу бўйича қандай масалалар бор ва қанчалик аҳамиятли?
— Қуруқликдаги транспорт коридорларининг аҳамияти катта бугун. Туркий давлатлар ривожланишида, иқтисодида катта ўсиш кузатиляпти. Янги иқтисодиётнинг талаби эса — транспорт коридорлари. Транспорт коридори дегани умумий тушунча, бунга темирйўл ҳам, ҳаво йўллари, автойўллар ҳам киради. Бундан ташқари, дунёда ижобий маънодаги миграцияга эҳтиёж катта. Фақат юк эмас, инсонлар учун ҳам бу йўллар аҳамиятли. Иқтисоддан ташқари ижтимоий масалаларда ҳам аҳамиятли. «Буюк ипак йўли» концепцияси олдиндан ҳам бор эди ўзи.













