Жаҳон | 16:49 / 13.11.2023
15799
3 дақиқада ўқилади

Британия ички ишлар вазири намойишлар ортидан ишдан кетди

Суэлла Браверман Фаластин тарафдорлари ўтказаётган намойишларда Лондон полициясини «икки хил стандарт»да ҳаракат қилгани учун танқид қилганди.

Фото: AFP

Буюк Британия ички ишлар вазири Суэлла Браверман полициянинг намойишларга реакцияси бўйича ҳукумат раҳбариникидан фарқли позицияда бўлгани учун лавозимини тарк этди. У The Times газетасидаги колонкасида полициячиларни Фаластин тарафдорларининг намойишларига юмшоқ муносабатда бўлишда айблаб мақола ёзганди.

Эндиликда ички ишлар вазири лавозимини Жеймс Клеверли эгаллайди, у бунгача ташқи ишлар вазирлигини бошқараётганди. Бош вазир Риши Сунак кутилмаганда Дэвид Кэмерон ТИВнинг янги раҳбари бўлишини айтди – у 2010–2016 йилларда Буюк Британия бош вазири бўлган, британияликлар «брексит» учун овоз берганидан кейин истеъфога чиққанди.

Браверман ўтган ҳафта охирида Лондонда бўлиб ўтган Фаластин тарафдорларининг Исроилга қарши намойишлари арафасида чиққан мақоласи туфайли кескинликни кучайтиришда айбланганди.

The Times газетасидаги колонкасида Браверман полицияни радикал кайфиятдаги гуруҳларнинг яҳудийларга қарши акциялари иштирокчиларига ҳаддан ташқари юмшоқ муносабатда бўлишда айблаган, бошқа намойишлар вақтида эса улар ўзини анча қатъий тутганини билдирганди. Мақола Британияда кучли бўрон келтириб чиқарди ва  бош вазир Сунакдан уни истеъфога чиқаришни талаб қила бошлашди.

Мақола бош вазири офиси билан келишилмаган, маълум бўлишича Браверман Даунинг-стритнинг мақола мазмуни ва оҳангини юмшатиш бўйича сўровини бажармаган.

Суэлла Браверманнинг истеъфоси келаси ҳафтада «Кузги баёнот» билан чиқиш қиладиган бош вазир Риши Сунак томонидан вазирлар маҳкамасида амалга оширадиган кенг кўламли ўзгаришларини бошлаб берди.

Дэвид Кэмерон. Фото: GETTY IMAGES

Душанба тонгида ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверлини Даунинг-стритда кўришган, у Ҳоум-офис раҳбари лавозимида Браверманнинг ўрнини эгаллаш учун келган.

Бундан ташқари, бош вазирнинг Даунинг-стритдаги қароргоҳига собиқ бош вазир Дэвид Кэмерон ҳам келган, у Клеверли ўрнига янги ташқи ишлар вазири бўлади.

11 ноябр куни Лондонда Исроил Ғазо секторини ўққа тутишига қарши навбатдаги кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтди. Маҳаллий полиция акцияда 300 минг киши иштирок этганини билдирган. Марш ташкилотчилари эса 800 минг киши кўчаларга чиққанини маълум қилиб, буни Буюк Британия тарихидаги энг йирик маршлардан бири деб атаган.

Мавзуга оид