Зойир Мирзаев 2023 йил 15 ноябр куни ўзининг икки ўринбосари ва Юқори Чирчиқ тумани ҳокимига BYD хизмат машиналарини харид қилиш учун 1 млрд 336,5 млн сўм ажратиш тўғрисида фармойиш чиқарди. Маблағ вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йил 3-чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидана жратилиши кўзда тутилган.

Машиналар вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурасул Абдуллаев, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Султонбеков ва Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ускенбай Атемов учун харид қилиниши режалаштирилган.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати “Газета.уз” сўровига жавобан машиналар BYD гибрид туркумидаги автомобиллар эканини, амалдаги хизмат автотранспортларини алмаштиришга эҳтиёж улардан 5 йилдан ортиқ фойдаланилгани сабабли туғилганини билдирган.

Аммо ҳокимлик расмий сайтидаги очиқ маълумотларга кўра, янги хизмат машинаси олиб берилиши кўзда тутилаётган ҳоким ўринбосарларига айни вақтда бириктирилган автомобилларнинг ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган.

Жумладан, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари учун ажратилган Mersedes-Bens Е 450 4 Matic S русумли хизмат машинаси 2021 йилда, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига бириктирилган Lacetti русумли хизмат машинаси эса 2020 йилда ишлаб чиқарилган.

Янги харид қилинаётган 2 та BYD машинасидан сўнг вилоят ҳокимлиги автопаркидаги транспорт воситалари сони 25 тага етади. Уларнинг 3 таси меҳмонлар учун ажратилган микроавтобус ҳисобланади. Ҳокимлик автопаркида меҳмонлар учун Cadillac XTC “иномарка”си ҳам бор.

Шунингдек, очиқ маълумотга кўра, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарига 2019 йилда ишлаб чиқарилган LAND CRUISER, қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарига 2017 йилда ишлаб чиқарилган Toyota Land Cruiser Prado VX 2.7L машиналари бириктирилган. 

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевга эса 2022 йилда ишлаб чиқарилган Mersedes-Bens S560 4 Matic W222 ҳамда 2018 йилда ишлаб чиқарилган TAYOTA LANG CRUISER машиналаридан фойдаланади.