“Ёр-ёр” дастурининг 2022 йил ноябр ойида эфирга узатилган 496-сонида 34 ёшли (ногиронлиги бўлган) аёл Табассум Юнусова кўрсатувга оила қуриш мақсадида келганини айтган.

Бошловчилар унга бир нечта саволлар берган. Табассум укаси ва синглиси оила қургани, онаси 19 йил олдин вафот этгани, ўзи эса шу вақтгача оила қурмагани ва бахтини топиш ниятидалиги ҳақида гапирган.

Бошловчи Муҳаббат Ҳамроева кўрсатув давомида унга кулиб юриб, негатив энергиядан халос бўлиш лозимлигини таъкидлайди:

Муҳаббат Ҳамроева: Аввал исмингиздан бошлайлик, таббасум қилинг, мен бир кўрай.

Табассум: Ассалому алайкум. Сизларнинг олдингизга телевизорда кўриб келдим, менга йигит топиб беришингизни сўрайман.

Бошловчилар қаҳқаҳа отиб кулади.

Омина Каримова (кулиб): уйланган бўлса ҳам бўладими?

Табассум: бўлади.

Муҳаббат Ҳамроева: Омина опа, тўхтаб туринг, нимага шошасиз, бу табассум билан айтмади-да, яна ўша жиддий оҳанг билан… сал қолди орқасидан бир шапалоқ уришингизга. Ана, ана энди табассум бўлди. Яна ўша гапни айтаман, табассум ҳам бир эҳсон, синглим, яхши гапириш ҳам эҳсон. Шунинг учун шу нарсаларни ўзингизга сал уқтириб олинг.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеода тармоқ фойдаланувчилари бошловчиларни ногиронлиги бўлган аёлни масхара қилиб кулганликда айбламоқда. Айрим фойдаланувчилар эса бошловчиларнинг жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш кераклигини таъкидламоқда. 

Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко кўрсатувдаги ҳолатни қоралади.