Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 22 ноябр куни Қонунчилик палатасида соҳада қилинаётган ишлар ва режалар ҳақида ахборот берди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда 14 та янги электр станцияси ишга тушиши ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш 22 фоизга (60,7 млрд kWh'дан 74,3 млрд kWh'га) ошган.
Республика истеъмолчиларига етказиб берилган электр энергияси 32 фоизга (47,3 млрд kWh'дан 62,3 млрд kWh'га, шундан аҳолига 6,3 млрд, иқтисодиёт тармоқларига 8,6 млрд kWh'га) кўпайган.
Жорий йилнинг бошидан бугунги кунга қадар умумий қуввати 673 MW бўлган 6 та лойиҳа доирасида 4 та ГЭС, 1 та ИЭС ва 1 ҚЭС ишга туширилган. Йил якунигача умумий қуввати 2000 MW'га яқин бўлган 8 та лойиҳа ишга туширилади ва умумий ишлаб чиқариш қуввати 18 751 MW'га етказилади.
“Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу лойиҳаларнинг барчаси давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириляпти, яъни тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиняпти”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Вазирга кўра, энергетикада ДХШ асосида имзоланган инвестиция битимларининг умумий қиймати 17,7 млрд долларга етган.
Энергетика вазирлиги раҳбари электр энергиясини эркин бозор моделига ўтишнинг илк босқичи – амалдаги ягона харид қилувчи модели яратилганига ҳам тўхталди.
“Ислоҳотларнинг кейинги босқичида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа нуфузли халқаро институтлар ва хорижий консултантлар билан бирга 2028 йилга қадар электр энергиясининг рақобатли улгуржи ва чакана бозорларини шакллантириш бўйича ишлар олиб борилди. Натижада президентимизнинг жорий йил 28 сентябрдаги ПФ-166 сонли фармонлари билан рақобатли бозорга ўтиш концепцияси тасдиқланди ҳамда энергетика бозори регулятори ташкил этилиши белгиланди”, – деди у.















