Россиянинг “МЭИ” Миллий тадқиқот университети” федерал давлат бюджети олийгоҳи Тошкент филиалининг битирувчи талабалари бошқа жойга ўқишни кўчиришга мажбурланаётгани айтиляпти. Филиал раҳбарияти Россиядан лицензия ололмагани учун битирувчиларни тарқатиб юбормоқчи.




Бино бор, лицензия йўқ
2019 йилда Тошкентда “МЭИ” Миллий тадқиқот университети” федерал давлат бюджети олийгоҳи филиалини очиш ҳақида қарор чиқади. Унда филиал 2019/2020 йилдан талабаларни қабул қилиши кераклиги кўрсатилган. Қарорда талабалар янги бино битгунича Тошкент давлат техника университети биносида ўқиб туриши, янги бино эса 2022 йил 1 январигача фойдаланишга топширилиши кўрсатилган. Бино манзили Олмазор тумани Мойқўрғон массиви, Ёғду кучаси 1 уй.
Kun.uzʼга мурожаат қилган талабаларнинг айтишича, улар биринчи босқичдан, яъни 2020/2021 ўқув йилидан бери ТДТУ биносида ўқиб келишади. Янги бино тайёр бўлганига қарамай, у ерга филиал кўчиб бормаган.
Дипломсиз қолаётган талабалар
Филиалнинг илк битирувчилари 2022/2023 ўқув йилига тўғри келади. Лекин уларни филиал битирувчиси деб бўлмайди, чунки бу талабалар 4-босқичдан бошлаб бошқа олийгоҳларга “перевод” қилиниб, тарқатиб юборилган. Шундай битирувчилардан бири Kun.uz билан суҳбатда ўтган йили қаерда ўқишни билмай сарсон бўлишгани, 4-курсда 100дан ошиқ талаба бошқа олийгоҳларда “перевод”га мажбурланганини айтди. Ўшанда талабалар филиал учун ажратилган янги бино олдига бориб, масъуллар билан учрашишни сўраб видеомурожаат ҳам йўллашган.
2023/2024 йилги битирувчилар билан ҳам худди шу вазият такрорланяпти. Бир гуруҳ талабалар филиал раҳбариятидан ТДТУга ёки филиалнинг Россиядаги бош биносига “перевод” қилишга ихтиёрий-мажбурий таклиф олишган.













