Ўзбекистон | 11:31 / 25.11.2023
8727
2 дақиқада ўқилади

Айрим давлат органларининг номлари ва ваколатлари аниқлаштирилмоқда

Айрим қонунларнинг нормалари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясига мувофиқлаштирилмоқда, шунингдек, тугатилган, қайта ташкил этилган ва ташкилий бўйсунуви ўзгарган давлат органларининг ваколатлари қайси давлат органларига ўтказилганлиги аниқлаштирилмоқда.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида “Айрим қонун ҳужжатларига республика ижро этувчи ҳокимият органларининг номларини мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан айрим қонунларнинг нормалари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясига мувофиқлаштирилмоқда, шунингдек, тугатилган, қайта ташкил этилган ва ташкилий бўйсунуви ўзгарган давлат органларининг ваколатлари қайси давлат органларига ўтказилганлиги аниқлаштирилмоқда.

Мудофаа саноати давлат қўмитаси негизида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурида O‘ztextreyd ДУК тузилганлиги сабабли “Давлат божи тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда.

Маъмурий ислоҳотлар доирасида Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурига ўтказилган республика ижро этувчи ҳокимият органи этиб белгиланди. Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси этиб қайта номланганди. Шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ветеринария тўғрисида”ги, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунларга тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид