Жаҳон | 14:21 / 28.11.2023
8931
3 дақиқада ўқилади

Эгеланн: Исроил-Фаластин ўртасидаги асосий келишув ўз аҳамиятини йўқотган

«Осло келишуви» архитекторларидан бири улар Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарони ҳал қилишга қодир эмаслигини тан олди.

Фото: ООН/Анне-Лоре Леша

1993 йилда Исроил ва Фаластин ўртасида тинч-тотув яшашни таъминлаш бўйича имзоланган «Осло келишуви» ҳозир ўз аҳамиятини йўқотган, деб тан олди келишувлар асосчиларидан бири, норвегиялик дипломат Ян Эгеланн 27 ноябр, душанба куни AFP агентлигига берган интервюсида. 

Журналистнинг ушбу келишувлар «аслида аҳамиятсизми» деган саволига Эгеланн: «Албатта», деб жавоб берди. «Осло келишуви» ўтмишда қолди. Энди бизга яна бир келишув керак ва уни яратиш АҚШ, Европа Иттифоқи ва араб мамлакатларига боғлиқ бўлади», — деди ҳозирда Норвегия қочқинлар кенгаши бош котиби лавозимини эгаллаб турган дипломат. 

Исроил ва ҲАМАС гуруҳи бир-бири билан биргаликда яшаш бўйича яккама-якка музокара олиб бора олмайди, дея тушунтирди Эгеланн: «Ишонч нолга тенг бўлади». Исроил «ҲАМАСни йўқ қилиш учун уруш олиб бормоқда. ҲАМАС Исроилни йўқ қилиш учун мавжуд», деди у.

Эгеланн фикрича, халқаро ҳамжамият бу можарони ҳал қила олмаяпти ва АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Франция, шунингдек, араб давлатлари «жуда заиф етакчилик»ни намойиш қилди. 

Дипломатик ечимга эришиш учун, Эгеланна сўзларига кўра, дастлабки яширин муҳокамалар зарур. Унинг сўзларига кўра, бундай «махфий музокаралар»нинг «катта афзаллиги» улар иштирокчилари «катта аудитория олдида гаплашмайди». Шунинг учун улар «яқинда содир бўлган провокацияга ёки зўравонлик ҳаракатларига жавоб беришга» мажбур бўлмайди ва «ҳақиқатда музокаралар олиб бориши» мумкин. 

Исроил ва Фаластин ўртасидаги «Осло келишуви» 

«Осло келишуви» 1993 йилда Норвегияда Исроил ва Ёсир Арофатнинг Фаластинни озод қилиш ташкилоти ўртасида имзоланган. Ушбу келишув туфайли Яқин Шарқдаги можарони икки давлат яратиш йўли билан ҳал қилиш имкони яратилган. Исроил армияси Ғарбий соҳилнинг айрим ҳудудларини тарк этди. Ташкил этилган Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) ҳудуднинг бешдан бир қисмини бошқаришга ва яна бешдан бир қисмини қисман назорат қилишга эришди.

ҲАМАС гуруҳи Ослода эришилган келишувни тан олмади ва Исроил ҳудудига ҳужумларни давом эттирди. 

Мавзуга оид