Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабда олдинроқ ҳам ўқувчини ток уриши билан боғлиқ нохуш ҳолат содир бўлган. Мактаб ўқувчиларидан бирининг онасига кўра, айни шу ерда 15 кун олдин унинг ўғлини ток урган.
“Болам шифохонада ётиб, ҳали мактабга чиққани йўқ. Худо бир асради. Электр токи бир минут боламни ушлаб туриб, кейин отиб юборган. Мана ҳозир қайсидир она ўзининг ишига масъулиятсиз қарайдиган раҳбар туфайли фарзанд доғини бошидан ўтказиб, боласидан айрилиб ўтирибди. Яна улар боланинг ўзига айб қўйишяпти: касал экан, нимжон экан деб.
Агар директор озгина масъулиятни ҳис қилганида ўшандаёқ чора кўрган бўларди. Керак бўлса электрикларни чақириб, қаерда очиқ жой бўлса ёптириб чиқиши керак эди. Директор ўзини ўша онанинг ўрнига қўйиб кўрсин”, дейди она.
Ота-оналар 15 кунда икки ўқувчини ток урган ва улардан бири вафот этган мактабнинг директори биринчи ҳолатдаёқ муаммони бартараф қилмагани учун жавобгарликка тортилиши керак деб ҳисоблашмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 207-моддасига кўра, мансабга совуққонлик билан қараш, яъни давлат органи ёки давлат иштирокидаги ташкилот мансабдор шахсининг ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Агар ўша қилмишлар одам ўлишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳар икки ҳолатда болаларни ток ургани тасдиқланса, мактаб мансабдорларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)га юқоридаги модда бўйича баҳо берилиши лозим бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабда ўқувчи ток уриши оқибатида вафот этгани ҳақидаги хабарлар 28 ноябр куни тарқалди, ҳолат бундан бир кун олдин тахминан соат 18:15ларда бўлгани айтилганди.
Кейинроқ пойтахт Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси вакиллари бу бўйича расмий















