А гуруҳи

Зиёш — тен Ҳагнинг даҳшатли туши

«Галатасарой» — «Манчестер Юнайтед» 3:3
Голлар: Зиёш (29, 62), Оқтуркўғли (71) — Гарначо (11), Фернандеш (18), Мактоминей (55). 
«Галатасарой» – Муслера, Боэ, Ойхон, Бардакчи, Анхелинио (Нелссон, 83), Зиёш (Йилмаз, 82), Торрейра, Ндомбеле (Оливейра, 60), Заа (Демирбай, 88), Мертенс (Оқтуркўғли, 60), Икарди.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Уан-Биссака (Далот, 78), Магуайр, Линделёф, Шоу, Фернандеш, Амрабат (Майну, 58), Мактоминей, Антони, Гарначо (Пеллистри, 78), Ҳойлунд (Марсиял, 58).
Огоҳлантиришлар: Фернандеш (27), Боэ (42), Амрабат (45), Ойхон (53), Шоу (59), Уан-Биссака (64).

Биринчи даврада «Олд Траффорд»да кечган учрашувда мезбонлар икки бор ҳисобда олдинда боришган, аммо якунда ютқазишнинг уддасидан чиқишганди (2:3). Шундай экан, Истанбулдаги «ҳаёт-мамот» ўйинида «қизил иблислар»дан ҳисобни имкон қадар тезроқ қулай кўринишга келтириш талаб этиларди ва 18-дақиқага келиб чиндан ҳам шундай вазият юзага келганди. Аввалига Гарначо Ҳойлунд ва Бруну Фернандешнинг комбинацияси якунида яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Кейин «МЮ»нинг португалиялик сардори узоқ масофадан чиройли зарба йўллаб, ҳисобда фарқни оширди. Аммо ҳатто икки тўп устунлиги ҳам етарли бўлиб чиқмади.

Ҳисоб 1:0 ҳолатида Онана қаҳрамонлик кўрсатганди, аммо кейин мезбонлар ушбу дарвозабоннинг нозик томонидан фойдалана бошлади. Танаффус арафасида Зиёш собиқ жамоадоши ҳамда собиқ устозини ноқулай ҳолатга тушириб қўйди, у зарба шу томондан келишини тахмин қилиб «жонли девор»нинг орт томонига ҳаракатлана бошлаган дарвозабонни бўш қолдирилган ҳудудга йўлланган оддий зарба билан жазолади. Иккинчи бўлимда — Мактоминай Ван-Биссаканинг ажойиб узатмасини голга айлантириб, орадаги фарқни яна икки голга етказганидан кўп ўтмай — Онана Зиёшнинг айлантириб йўллаган пасини ўзи дарвозага киритиб юборди.

У кейинги вазиятда Зиёшнинг навбатдаги зарбасини қайтарди, аммо Оқтуркўғли барибир учинчи голни урди. У Зиёшнинг аъло даражадаги узатмасидан кейин жарима майдонига кириб, кучли ва аниқ зарба йўллади. Бу учрашувдаги драматизм Манчестерда кечган биринчи ўйиндагидан кўпроқ бўлди, агар томонлар ўз вазиятларидан аниқроқ фойдалана олганида таблодаги рақамлар 5:5 кўринишини олиши ҳам мумкин эди.

Ва бу икки жамоа ҳимоячиларининг жуда ёмон ўйини туфайли эмас, балки ҳужумлар яхши ташкил этилгани эвазига бўлди. Меҳмонлар 90-дақиқада ғалабани илиб кетиши мумкин эди, Лукас Торрейра тўпни узоқлаштиришда хатога йўл қўйиб, уни ватандоши Пелистрига совға қилди, аммо ёш футболчининг яна бир тажрибали уругвайлик Муслера билан дуэлда оёқлари қалтиради.