Жаҳон | 11:45 / 12.12.2023
3191
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда инсонпарварлик ёрдами учун 46 млрд доллар керак бўлади

БМТ Сурия, Украина, Афғонистон, Эфиопия, Яман ва бошқа 67 давлат аҳолисига шошилинч ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган маблағ миқдорини белгилади. Женевада таъкидланишича, мамлакатлар бу харажатларни молиялаштиришга етарли даражада тайёр эмас.

Фото: Khaled Ziad/AFP

Сайёранинг турли қисмларида содир бўлган гуманитар инқироз оқибатларини бартараф этиш учун БМТга 2024 йилда 46,4 миллиард доллар керак бўлади. БМТ 11 декабр, душанба куни Женевада бу борадаги келгуси йил истиқболларини «маъюс» деб баҳолади. Агар шошилинч инсонпарварлик ёрдами учун етарли маблағ бўлмаса, бу одамлар ҳаётига таҳдид солади, дейилади баёнотда.

Ташкилот ушбу маблағлар ҳисобидан 72 мамлакатда инсонпарварлик ёрдами харажатларини қоплашни режалаштирмоқда, ҳозирда энг катта эҳтиёж Сурия, Украина, Афғонистон, Эфиопия ва Яманда кузатилмоқда.

БМТ сўралаётган ёрдамни 2023 йилга нисбатан бироз қисқартирди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш бўйича координатори Мартин Гриффитснинг айтишича, ёрдам ходимлари «ҳаётни сақлаб қоладилар, очлик билан курашадилар, болаларни ҳимоя қиладилар, эпидемиялардан сақлайдилар, бошпана ва санитария шароитларини таъминлайдилар». Бироқ халқаро ҳамжамият ташкилотнинг тегишли эҳтиёжларини етарли даражада қондирмаяпти, дея қўшимча қилди у.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2023 йил учун гуманитар ёрдамга эҳтиёжни 56,7 миллиард долларга баҳолаган, бироқ бу маблағнинг учдан бир қисмидан салгина кўпроғини олган. Бу - 2010 йилдан бери инсонпарварлик ёрдами учун хайриялар камайган биринчи йил бўлади. Шу муносабат билан БМТ ушбу мақсадлар учун сўралган маблағларнинг умумий миқдорини камайтиришга қарор қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид