11 декабр куни Алексей Навалнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш сиёсатчи ғойиб бўлганини айтди. «Адвокатга ҳозиргина қўнғироқ қилиб маҳбус Навалний энди Мелоховадаги 6-жазони ижро этиш муассасасида сақланмаётганини айтишди. Уни қаерга олиб кетишганини айтишни эса исташмади», деб ёзди Ярмиш.
2021 йил январ ойида Германиядан қайтиши билан қўлга олинган Навалнийга нисбатан жуда кўп жиноий иш очилган. Шундай ишлардан бири ҳақида сиёсатчи 1 декабр куни хабар берганди. Аввалроқ экстремизмда айбланиб 19 йилга қамалган Россия мухолифати етакчисини навбатдаги иш доирасида вандализмда айблашмоқда.
Бу иш бўйича ўтказилган суд мажлисида Навалний иштирок этмагани унинг тарафдорларини хавотирга солди. Кейинчалик сиёсатчининг адвокатларига ҳам у билан кўришиш имкони берилмаган. Шундан кейин Навалний жамоаси вакиллари сиёсатчи ғойиб бўлгани ҳақида гапира бошлади.
Одатда Кремл позициясини қўлловчи Baza телеграм-канали ёзишича, Навалнийни навбатдаги иш бўйича тергов қилиш учун Москвага олиб кетишган. Baza манбаси қонунга кўра Навалнийни қаттиқ режимдаги колонияга ўтказишлари мумкинлигини ҳам қўшимча қилган.
Навалний жамоаси етакчиларидан бўлган Иван Жданов сиёсатчи ҳақидаги ишончли маълумот учун пул мукофоти ваъда қилди.
«Сизга [Навалний ҳақида] нимадир маълум бўлса, бизга хабар қилинг. Ишончли ва тўлиқ маълумот учун мукофот ваъда қиламиз», деб ёзди у. Навалний асос солган ва Россияда экстремистик ташкилот деб топилган Коррупцияга қарши кураш фонди аъзолари Алексей билан бир ҳафтадан буён боғлана олишмаяпти.
13 декабрдаги суд мажлисида ҳам Навалний иштирок этмади. Судя қамоқхона вакилидан унинг қаерда экани ҳақида маълумот сўради, лекин ходим талмовсираб қолди ва аниқ жавоб бермади. Навалний қамалганидан буён ўз устидан очилган ишлар бўйича судларда қамоқхонадан туриб видеоконференция орқали онлайн иштирок этаётганди. Охирги мажлисарда эса онлайн бўлса ҳам қатнаша олмади. Қамоқхона вакиллари буни гўёки «колония ҳудудидаги авария» билан боғлашди.
Кремл расмий вакили Дмитрий Песковдан ҳам Навалний қаерда экани ҳақида сўрашди. Путиннинг матбуот котиби эса Кремлда маҳбуслар қаердалигини кузатиш имкони йўқлигини айтди. «Бизда маҳбуслар тақдири, уларнинг қаерда сақланиши каби жараёнларни кузатиш истаги ҳам, имконияти ҳам йўқ», деган Песков бу ҳақда.

















