Ўзбекистон | 11:08 / 13.12.2023
3845
3 дақиқада ўқилади

“Табиатга 61,5 млрд сўм зарар етказилган” – Сенат норуда қазилмалар бўйича ноқонуний ҳолатларни очиқлади

Сирдарё ўзанида 16 та тадбиркорлик субъекти томонидан тозалаш ишлари тартибсиз амалга оширилгани оқибатида дарё қирғоқлари емирилгани аниқланган. Чирчиқ дарёсида юзага келган танг экологик аҳвол туфайли эса ўзан тозалаш ишларига жалб қилинган 18 та тадбиркорлик субъекти фаолияти тўхтатилмоқда. 

Фото: Senat.uz

Сенаторлар миллий муаммо сифатида кўтариб чиққан масалалар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлис Сенати юборган парламент сўровидан сўнг норуда фойдали қазилмаларни қазишдаги қонунбузарликларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлаган. 

Жумладан, Сирдарё вилояти ҳудудидан оқиб ўтган Сирдарё дарёси ўзанида 16 та тадбиркорлик субъекти томонидан дарё ўзанини тозалаш ишлари тартибсиз амалга оширилгани оқибатида дарё қирғоқлари емирилгани ва 4,6 минг метр куб ноқонуний қазиш ишлари олиб борилгани аниқланган. Уларга нисбатан табиий объектларга етказилган 7,4 млрд сўм зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда.

Жиззах вилоятида Сангзор дарёсининг 6 та нуқтасида бир қатор корхоналар ҳамда бошқа жисмоний шахслар томонидан ноқонуний қазиш бўйича аниқланган ҳолатлар юзасидан эса прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилган.

“Самарқанд вилоятида олиб борилган назорат тадбирларида етказилган зарар суммалари аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига киритилди. Жумладан, “Самарқанд керамик” МЧЖ томонидан Нуробод тумани Сазағансой сойидан ноқонуний равишда қизил қум аралашмаси қазиб олингани натижасида табиий объектга 1,8 млрд сўм, “Мироншоҳ Миркомил” ХК томонидан Паст Дарғом тумани Кимёгарлар қўрғонидан оқиб ўтувчи “Эски Анҳор” канали муҳофаза доирасидан ноқонуний равишда табиий қумни қазиб олгани натижасида табиий объектларга 3,6 млрд сўм, Жомбой туманида жойлашган “Олмазор севинч” МЧЖ томонидан ноқонуний тарзда қум шағал аралашмаси қазиб олингани натижаси табиатга 4,8 млрд сўм миқдорида зарар етказилган”, дейилади Сенат хабарида.

Қўшимча қилинишича, жами 58 та жиноят иши бўйича аниқланган ҳолатлар туфайли табиатга 61,5 млрд сўм зарар етказилгани ҳисобланиб, ҳозирда уларни ундириш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, Экология органлари томонидан тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари ҳамда экология экспертиза хулосалари талаблари асосида ўзан тозалаш ишлари юритилиши доимий равишда ўрганилмоқда. Жумладан, республика бўйича 311 та тадбиркорлик субъекти жойига чиққан ҳолда мониторинг қилинган. Тадбиркорлик субъектлари томонидан 8 км дарё ва сой ўзанлари тозаланиб, 467 минг метр куб қум-шағал материаллари ҳисоби юритилган. Фуқаролар томонидан 33 та қоидабузарлик ҳолати содир этилгани аниқланиб, 166 млн сўмлик жарималар қўлланган.

Чирчиқ дарёси ўзанида юзага келган танг экологик аҳвол туфайли эса ўзан тозалаш ишларига жалб қилинган 18 та тадбиркорлик субъекти фаолиятини босқичма-босқич тўхтатиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид