Йиғилишда кенгаш аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, шу жумладан Адлия вазирлиги вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, 2023 йил давомида мамлакат учун устувор бўлган ижтимоий-иқтисодий соҳага оид 9 та, сиёсий-ҳуқуқий соҳада 10 та халқаро рейтинг натижалари эълон қилинди. Хусусан, Transparency International халқаро ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 14 поғонага кўтарилиб, 180 та давлат орасида 126-ўринни эгаллади.

Тадбирда Адлия вазири ўринбосари Х.Мелиевнинг Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2022 йил натижалари бўйича ахбороти тингланди ҳамда муҳокама қилинди. Таҳлилларга кўра, энг яхши кўрсаткич Сурхондарё вилоятида (72,5 балл) қайд этилган бўлса, энг қуйи кўрсаткичлар Фарғона (66,3 балл), Самарқанд (66,4 балл) ва Бухоро вилоятларида (67,7 балл) қайд этилган.

Ҳудудларда қонун ҳужжатларига риоя қилиниши индикаторида ижобий кўрсаткичларга (2022 й. 81 балл, 2021 й. 73 балл) эришилган бўлса, Маҳаллий ижро органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати (-15 балл), Ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлиги (-5 балл) индикаторларида умумий натижалар пасайган.

Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2022 йилги таҳлил натижалари бўйича паст кўрсаткичлар қайд этилган соҳалар ҳамда ҳудудлар кесимида танқидий муҳокама қилинди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда президентнинг 2022 йил 18 майдаги «Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашда илмий салоҳият ва амалий фаолият уйғунлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–246-сонли қарори ижроси кўриб чиқилди.

Жумладан, халқаро рейтингларнинг таркибий индикаторларида мунтазам паст баҳоланиб келинаётган соҳа ва тармоқларни жадал ривожлантириш бўйича қабул қилиниши керак бўлган ўрта ва узоқ муддатли стратегиялар лойиҳалари муҳокама қилинди.

Қолаверса, халқаро рейтингларнинг паст кўрсаткичли индикаторлари учун масъул давлат органлари томонидан соҳа ва тармоқлардаги мавжуд тизимли хатоликларни бартараф этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун илмий грантларга буюртма бериши ҳолати танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.