Марказий банк ноябр ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари бўйича малумотларни эълон қилди.
Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича йиллик кутилмалари 0,1 фоиз бандга пасайиб, 13,6 фоизни ташкил қилган.
Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:
● валюта курси ўзгариши (58 фоиз);
● ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (43 фоиз);
● иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (38 фоиз);
● коммунал хизматларнинг қимматлашиши (38 фоиз).

Ноябр ойида валюта курсидаги ўзгаришлар ва ёқилғи ҳамда энергия нархидаги ўзгаришларнинг нархлар ошишига таъсирини қайд этган респондентларининг улуши камайган бўлса, иш ҳақи ва нафақалар ошишини асосий омил сифатида кўрсатганлар улуши сезиларли кўпайди (24 фоиздан 38 фоизга).
Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари
Ноябр ойи якунлари бўйича келгуси 12 ой учун нархлар ўсишига оид респондент тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари 13,1 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 1,3 фоизга камайган.
Бизнес вакиллари нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:
● валюта курсининг ўзгариши (61 фоиз);
● ёқилғи ва энергия ресурсларининг қимматлашиши (40 фоиз);
● коммунал хизматларнинг қимматлашиши (38 фоиз);
● иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (37 фоиз).

Ўтган ойда бизнес вакиллари томонидан валюта курсининг ўзгариши ва хориждан хомашё етказиб беришдаги узилишларни келгусида нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган омиллар сифатида белгилаш камайган бўлса, иш ҳақи ва нафақалар оширилишини омил сифатида қайд этиш кўпайган.
Сўровномада қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма пенсионерлар (15,9 фоиз) ва таълим соҳасида (14,3 фоиз) ишловчиларда кузатилган. Энг паст кутилмани туризм соҳасида фаолият юритувчилар белгилаган. Тадбиркорлик субъектлари орасида энг пессимистик кутилма ишлаб чиқариш (13,9) ва маркетинг (13,5) соҳасида, энг оптимистик кутилма эса ҳунармандчилик (11,8) соҳасига тўғри келган.


















