Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги 68-мактабнинг 7-синф ўқувчиси унаштирилаётгани айтилган видео ижтимоий тармоқларда резонанс келтириб чиқарди.

Ҳолат жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлгач Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова вазиятни ўргангани бўйича маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, қизчанинг ота-онаси видеодаги ҳолат аслида фарзандининг туғилган куни муносабати билан ўтказилган маросим экани тўғрисида тушунтириш берган. Сўнг қизнинг ота-онаси аёлни турмушга чиқишига мажбурлаш учун жиноий жавобгарлик мавжуд экани тўғрисида огоҳлантирилган.

Қайд этилишича, бу ҳудудда қизларнинг унаштирув маросимини эрта ўтказиш урф-одатлари қисман бўлса-да сақланиб келмоқда, шуни инобатга олиб, ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани ўз назоратини давом эттиришини айтган.

«Жумладан, бу оилада боланинг жисмонан ва маънан соғлом муҳитда парвариш қилиниши, унинг таълим олиш ҳамда келгусида ўз ҳаёти билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш ҳуқуқи таъминланиши кузатиб борилади.

Болалар омбудсмани қизларни эрта турмушга бериш ҳолатларига мутлақо муросасиз бўлиб, шундай фикрда бўлган ота-оналарни никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш учун қонунан жавобгарлик белгилангани ҳақида огоҳлантиради», – дейилади хабарда.

Бу бўйича Қашқадарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси омбудсманга таяниб, видеодаги унаштирув ҳолати ўз тасдиғини топмагани бўйича муносабат билдирган.

«Ҳолат Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида бўлиб, масъуллар томонидан жойига бориб ўрганиш ўтказилганда, қизчанинг ота-онаси видеодаги ҳолат аслида фарзандининг туғилган куни муносабати билан ўтказилган маросим эканлиги тўғрисида тушунтириш берди», — дейилади ташкилотнинг дастлабки муносабатида.

ММТБ: «Ўқувчининг туғилган куни бўлмаган»

Ҳолат юзасидан Kun.uz мухбири Қашқадарё вилояти ММТБ билан боғланди. Бошқарма ахборот хизмати раҳбари Жавоҳир Рустамовнинг маълум қилишича, ўқувчининг уйида бўлиб ўтган тадбирни баҳолаш бошқарма ваколатига кирмайди.