Дунцова РФ МСКнинг сайловда иштирок этишига рухсат бермаганига норозилик билдирди
Марказий сайлов комиссияси Екатерина Дунцовага имзо тўплашга рухсат бермади ва буни ҳужжатларидаги хатолар билан изоҳлади. Журналист Россия Федерацияси Олий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Ржевлик журналист Екатерина Дунцова Россия Марказий сайлов комиссиясининг Россия Федерацияси президентлигига ўз номзодини қўйиш учун имзо тўплашга рухсат бермаганига норозилик билдирди. 25 декабр, душанба куни Дунцова мамлакат Олий судига даъво аризаси билан чиқди. Даъвони кўриб чиқиш 27 декабр куни Москва вақти билан соат 10:00 да бўлиб ўтади, дея қўшимча қилди аёл.
Икки кун аввал Марказий сайлов комиссияси аёлга имзо тўплашга рухсат бермаган ва буни ҳужжатларда аниқланган хатолар билан изоҳлаганди. Шу билан бирга, МСК ўз далилларини «фақат ҳисобот ёзуви билан тасдиқлади - бундай ҳужжатдан фойдаланиш принципиал жиҳатдан қонунда кўзда тутилмаган, шунинг учун уни қарор қабул қилиш учун асос қилиб бўлмайди», деб таъкидлади Дунцова.
«МСК томонидан сайловчилар маълумотларидаги хатолар ҳақида оғзаки баёнотлар ҳам деярли исботланмаган. Қолаверса, улар рад этиш тўғрисидаги қарорда келтирилган, бироқ аниқ кўрсатилмаган ва қарор қабул қилиш учун асос бўлмаган», - дея қўшимча қилди журналист. Унинг сўзларига кўра, сайловчилар гуруҳи аъзоларининг маълумотларини текшириш нотариуснинг зиммасида, МСК эса бундай тартибни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.
Демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларни озод қилиш тарафдори
Красноярсклик Екатерина Дунцова - журналист ва кўнгилли қидирув-қутқарув гуруҳининг координатори, Ржев шаҳар думаси депутати бўлиб ишлаган. У 16 ноябр куни президентликка номзодини қўйиш ниятини маълум қилди ва бу қарорини «сўнгги ўн йил давомида мамлакат нотўғри йўналишда: тараққиёт йўлида эмас, балки ўз-ўзини йўқ қилиш йўлида кетаётгани» билан изоҳлади. Дунцова урушни тўхтатиш, демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларни озод этиш тарафдори.
Уч кунлик президентлик сайловлари
Россияда президентлик сайловлари 2024 йил 15-17 март кунлари бўлиб ўтади. Ҳозирги давлат раҳбари Владимир Путин ҳам номзод сифатида қатнашмоқда. Россия Либерал-демократик партиясидан унинг раҳбари Леонид Слуцкий, РФКПдан - Николай Харитонов, «Фуқаролик ташаббуси»дан - Москва вилоятидан депутат Борис Надеждин, «Новые люди»дан - Давлат думаси вице-спикери Владислав Даванков олий лавозимга номзод сифатида кўрсатилган.
«Российский общенародный союз» консерватив партияси бўлажак сайловларга ўз раиси Сергей Бабурин номзодини кўрсатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Москвада Донецкдаги россияпараст айирмачиларнинг собиқ ҳарбий раҳбари Игор Стрелков (Гиркин) номзодини кўрсатиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Ташаббус гуруҳи йиғилиш иштирокчиларидан 566 нафар имзо тўплади, бироқ нотариуслар буни тасдиқлаш учун келмади.
Мавзуга оид
16:56
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда кўпчиликни қўлга киритди
21:49 / 08.11.2024
Ишчилар синфи исёни ёки муваффақиятсиз кампания? Ҳаррис сайловда нега ютқазди?
18:42 / 07.11.2024
Трампнинг ғалабаси: у америкаликларни қандай ишонтира олди?
18:18 / 07.11.2024