Ўзбекистонда 2024 йил январ ойида қандай об-ҳаво шароитлари кутилаётгани маълум қилинди.

2024 йилнинг биринчи ойи ҳарорат тартиби бўйича меъёрга яқин, баъзи жойларда меъёрдан 1-1,5 даражага юқори бўлади.

"Ўзгидромет" хабарига кўра, январ қуруқ ва нисбатан илиқ об-ҳаво билан бошланади. Январ ойи биринчи беш кунлигида Ўзбекистон ҳудуди бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. 1-3 январ кунлари кундузги ҳаво ҳарорати +6...+11 даража атрофида, 4-5 январ кунлари эса 1-3 январга нисбатан +3...+5 даражага юқори бўлади.

Кейинчалик, ойнинг охиригача ҳарорат кечалари +0...+5 даражадан -3...-8 даражагача, кундуз кунлари +10...+15 даражадан +0...+5 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Ҳарорат кечалари қисқа даврга -10...-13 даражагача пасайиши ва кундуз кунлари +16...+18 даражагача кўтарилиши мумкин.

Ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчиликлар январ ойининг биринчи ўн кунлиги охирида, шунингдек, иккинчи ва учинчи ўн кунликлар айрим кунларида кутилмоқда. Умуман олганда, ой учун ёғингарчилик миқдори меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.