Футбол — миллионлар ўйини. Сайёрадаги энг асосий спорт турида ҳар йили янги юлдузлар жавлон уради. «СЭ» ўтган йилда мухлислар эътиборига тушган футболчиларни санади.

Ламин Ямал

«Барселона» бошқарувига келганидан буён Хави футболчиларнинг жароҳатларидан азият чекмоқда. Жамоадаги ҳар бир муҳим футболчи камида бир марта маълум вақтга сафдан чиқди — Гави, Педри, Тер Штеген, Араухо, Де Йонг, Левандовски. Аммо, қанчалик ғалати кўринмасин, бунинг яхши томони ҳам бўлмоқда — мураббий янги номларни кашф этмоқда.

Асосий мисол — ҳали 15 ёшлигида асосий таркибга киритилган Ламин Ямал. Испаниялик ҳужумкор яримҳимоячи апрел ойида «Барселона»да дебют қилганди. «Бетис» билан ўйин у учун ла лиганинг 2022/23 йиллар мавсумидаги ягона ўйин бўлиб қолди, лекин янги мавсумда ушбу ўсмир асосий таркибга кирди ва кузда тўлақонли шартномага эга бўлди, товон пули миллиард евро этиб белгиланди. 2026 йилгача тузилган шартнома тугаётганида ҳам Ямал ҳали 20 ёшга чиқмаган бўлади.

Ўз ўзидан Ламин миллий жамоага ҳам чақирилди ва тўрт ўйинда майдонга тушиб, икки гол уришга улгурди. Ямал чиндан ҳам катталардек ўйнамоқда ва унинг 60 миллион евролик трансфер нархи ҳам буни тасдиқлайди. Бир неча ой ичида ушбу испаниялик қатор рекордлар ўрнатди, қуйида уларнинг энг асосийлари: миллий жамоадаги энг ёш дебютант ва энг ёш гол муаллифи, ла лига ва класико ўйинларида гол урган энг ёш футболчи. Муҳими, унинг ёш организми юкламага бардош бермоқда.

Гулелмо Викарио

Ямал ҳали биринчи синфга чиққанида италиялик посбон «Удинезе» академиясини битириш арафасида эди. 26 ёшигача Викарио мамлакатини тарк этмади ва фаолиятининг кўп қисмини В ва С серияларида ўтказди. Илк сезиларли апгрейд 2021 йилда рўй берди — дарвозабон «Каляри» захира ўриндиғини «Эмполи»нинг асосий таркибига алмаштирди.

Икки мавсум ичида Гулелмо ўзини аъло даражадаги шотстоппер ва оёқ билан яхши ўйновчи дарвозабон сифатида намойиш этди. Постекўғлига комбинацион футбол қуриш учун «Тоттенҳэм»да айнан шундай кадр керак эди. Лиорис бу ролга умуман тўғри келмасди, шунинг учун лондонликлар 18 миллион евронинг баҳридан ўтишди.