Япониядаги зилзила

1 январ куни Япония марказидаги Ишикава ва Ниигата префектураларида 5.7, 6.1 ва 7.4 балли кучли зилзилалар содир бўлди.

Зилзиладан сўнг Япониянинг ғарбий қирғоқларида цунами хавфи эълон қилинди. Денгиз тўлқини кўтарилган бўлса-да, вайронкор цунами кузатилмади.

Зилзила туфайли Ишикава префектурасида кучли ёнғин ҳам келиб чиққан. Олов тураржой кварталлари ва тижорат объектларини қамраб олган. Кўплаб ўт ўчириш командалари оловни ўчиришга жалб қилинган.

Зилзила қурбонлари 45 кишидан ошган. Зилзила оқибатида Ишикава префектурасида 200 дан ортиқ уй ёниб кетди. 100 дан ортиқ бинолар қулаб тушди. Вайроналар остида 17 киши қолаётгани айтилмоқда. 

Ғазодаги вазият

Исроил ҲАМАСнинг жангларни 1 ойга тўхтатиб туриш таклифини рад қилди, деб хабар беради Ахиос агентлиги. ҲАМАС бунинг учун гаровдагиларни озод қилиш таклифини илгари сурганди. Бунга жавобан Исроил ҳам қўлга олинганларни озод қилиши кўз тутилганди.

Агентликнинг бу хабари замирида ҳақиқат бор-йўқлиги аниқ эмас. Чунки ҲАМАС ҳаракати Исроил оккупантларига қарши курашни тўхтатмаяпти. Ҳаракат Ғазо шимолидаги Ат-Туффа ва Ал-Дараж кварталларида олиб борган жангларнинг видеосини эълон қилди. Сўнгги 48 соат ичида Қассам мужоҳидлари ЦАҲАЛнинг ушбу кварталларга бостириб кирган 26 та техникасини ишдан чиқарган.

Давом этаётган бомбалашлар оқибатида Ғазодаги қурбонлар сони 22 мингга яқинлашган. Исроил агрессияси бошлангандан буён ҳалок бўлганлар сони 21 минг 978 кишига етган. Ярадорлар сони 57 минг 697 нафарни ташкил этмоқда, деган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги. Биргина сўнгги сутка ичида 13 марта оммавий қирғин юз берган. 156 киши вафот этган, 246 киши яраланган.

Ғазо секторидаги 439 минг тураржойлардан 70 фоизи, қолган биноларнинг 50 фоизи ё тўлиқ вайрон қилинган ё сезиларли талафотга учраган, дейилади Wall Street Journal нашри ҳисоботида.

Вайрон қилинган бинолар қаторида қадимий масжидлар, Византия даврида барпо этилган черковлар, шунингдек, заводлар, тураржой бинолари, савдо марказлари, ҳотеллар, театрлар ва мактаблар бор.