Рамзон Қодировнинг илгариги шов-шувли чиқишлари ҳам ҳеч қандай оқибатларсиз қолиб келган. Бу сафар ҳам на Кремл, на Давлат думасидагилар Чеченистон раҳбарининг янги чиқишини изоҳлашди.
Рамзон Қодиров нима деди?
«Жамоат хавфсизлигини таъминлаш» бўйича мажлис тасвири бириктирилган постни Рамзон Қодиров ўз телеграм каналида 30 декабр куни эълон қилган. Видеога шарҳда Рамзон Қодиров ушбу сўзларни ёзган:
«Инсоннинг ҳаётига ҳар қандай таҳдидга уриниш айбдорнинг қариндошларига ҳам ўз таъсирини ўтказиши керак [...] Яқин қариндошлар уларнинг оиласи вакили нима ишлар билан бандлигини билиши керак, чечен одатлар бизни асрлар оша тарбиялаганидек, унинг учун жавобгарликка эга бўлиши керак».
Видеонинг ўзида республика раҳбари чечен тилида янада радикалроқ чиқиш қилган. У жиноятда айбланаётганларнинг қариндошларини ўлдириш мумкинлигига шама қилган.
«Сизларни нега чақирдим? Бирор нарсадан шубҳаланган [кучишлатар органларнинг] ҳар қандай ходими унга албатта эътибор қаратиши керак. Одам қаердан, қайси оиладан эканлиги муҳим эмас. Жамоат тартибини бузган, [кучишлатар органлар] ходимига ёки республикага келган меҳмонларга қўл кўтарган ҳар қандай инсон билиши керакки, агар биз уни топа олмасак, биз унинг уйидагиларни албатта топамиз.
Бизнинг аждодларимиз доим шунга амал қилиб келишган: агар айбдор топилмаса қонли қасос унинг ака-укаси ёки отасидан олинган. Биз ҳам қариндошларидан қонли қасос оламиз.
Чунки қариндоши бировни ўлдирган одамлар қотилдан воз кечганмиз, деб бемалол яшаб юришибди. Биз ундайларнинг оиласидан кимнидир отиб ташламагунимизча ҳеч ким қариндошидан воз кеча олмайди», — деган Чеченистон раҳбари.
Юристлар бу гапларидан кейин Чеченистон раҳбарини жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган ЖК моддаларини санаб беришди. BBC уларнинг хавфсизлигини ўйлаб, номларини ошкор этмаган.
«Ўтакетган ҳаддан ошиш ва қонунсизлик. Бундай гапларни айтишнинг ўзи жиноят ва нормал давлатда жавобгарлик олиб келади. Ҳеч ким ўлдириш ҳуқуқига эга эмас, ҳаттоки давлат ҳам — Россияда ўлим жазосига мораторий ҳамон амалда», — деган жиноий ишлар бўйича адвокат.
Ҳаттоки тахмин қилинаётган жиноятчининг қариндошлари манзилига таҳдидлар амалиётда қўлланмаган тақдирда ҳам, бундай баёнотларни давлат лавозимини эгаллаган шахс томонидан хизмат вазифасини куч ишлатиш таҳдиди билан суиистеъмол қилиш ўлароқ квалификация қилиш мумкин. Бу Россия Федерацияси ЖКнинг 286-моддаси 3-қисми бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, деган адвокат.

















