Россия хориждаги танқидчиларини кузатиш, қўрқитиш ва жазолаш ҳамда уларнинг мамлакатда қолган оила аъзоларига босим ўтказишга қаратилган давлат тизимини яратган. Бундай хулоса БМТнинг Россиядаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича махсус маърузачиси Мариана Кацарованинг ҳисоботида келтирилган.
Ҳужжат 21 сентябр куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига тақдим этилди.
Кацарованинг фикрича, Россия хориждаги танқидчиларга босим ўтказиш учун «трансмиллий репрессиялар» тизимидан фойдаланмоқда. Махсус маърузачи уни мамлакат ичидаги давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган репрессиялар тизимининг давоми деб баҳолади.
«Россияни тарк этиш Россия репрессияларини ортда қолдиришни англатмайди», — деди у.
Ҳисобот қарийб 400 та ҳужжатлаштирилган таъқиб ҳолатига асосланган. Унда қотиллик, қотилликка уриниш, ҳужум ва заҳарлаш каби мақсадли зўравонлик ҳамда ҳаётга таҳдидлар репрессияларнинг энг оғир шакллари сифатида кўрсатилган.
Ҳужжатга кўра, Россия сўнгги ўн йилда қайд этилган бевосита жисмоний ҳужумларнинг 70 фоиздан ортиғи ҳиссасига тўғри келган ўн давлат орасида учинчи ўринни эгаллайди.
Кацарова бундай ҳаракатлар учун жавобгарликка тортиш ҳолатлари деярли йўқлигини таъкидлади. Унинг айтишича, кўп ҳолларда суриштирув ўтказилмайди, Россия расмийлари ўз алоқадорлигини рад этади, айрим гумон қилинган ижрочилар эса рағбатлантирилади ёки мукофотланади.
Махсус маърузачи ҳисоб-китобига кўра, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланган 2022 йилдан кейин мамлакатни 650 мингдан 900 минг нафаргача киши тарк этган.
Ҳужжатлаштирилган трансмиллий репрессия ҳолатлари 2022 йилгача бўлган саккиз йилдаги 29 тадан кейинги уч йилда 89 тага етган.
Шу билан бирга, сиртдан чиқарилган ҳукмлар сони 2022 йилдаги тўрттадан 2025 йилда 157 тагача кўпайган.
Ҳисоботда трансмиллий репрессияларга Россия Федерал хавфсизлик хизматининг камида тўққизта бўлинмаси, ҳарбий ва ташқи разведка, прокуратура органлари ҳамда давлат вазирликлари жалб қилингани даъво қилинган.
Кацаровага кўра, 2022 йилдан кейин репрессияларнинг кўламидан кўра уларни амалга ошириш усуллари кўпроқ ўзгарган. Ҳозирда ҳибсга олиш ордерлари, маълумотлар базалари, банк ва рақамли тизимлар, жамоатчилик иштирокига қарши стратегик даъволар ҳамда воситачилардан фойдаланилмоқда.

















