Жаҳон | 09:51 / 06.01.2024
8863
3 дақиқада ўқилади

Непал ўз фуқароларига Россия ва Украинада ишлашга рухсат бермаяпти

Катмандудаги ҳукумат Россия томонида жанг қилган ҳамда Непалдан бўлган камида 10 нафар ёлланма аскар Украинада ўлдирилганидан кейин шундай қарорга келди, деб хабар бермоқда ОАВ.

Непал ҳукумати ўз фуқароларига Россия ва Украинада ишлаш учун рухсатномалар беришни тўхтатди, деб хабар берди ОАВ 5 январ, жума куни. Катмандудаги ҳукумат Украинада Россия томонида жанг қилган ва Непалдан келган камида 10 нафар ёлланма аскар ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумот тасдиқланганидан кейин шундай қарорга келди. «Ўтган йилнинг декабр ойи бошида Украинада Россия томонида жанг қилган олти Непал фуқароси ҳалок бўлгани маълум бўлди, кейинроқ уларнинг сони 10 нафарга етди. Шунингдек, бир непаллик Украина ҳарбийлари томонидан асирга олинган ва Катманду ҳозир уни озодликка чиқаришга ҳаракат қилмоқда», — дейилади хабарда. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги фуқароларни Украинадаги урушда қатнашмасликка чақирди.

Шунингдек, Непал ўз фуқароларига хорижда ишлаш учун рухсатномалар бераётгани, бунда уларнинг тинч касблар бўйича ишга жойлашиши мақсад қилингани таъкидланган. Непал қонунлари фуқароларга бошқа мамлакатлар армиясида хизмат қилишни тақиқлайди, бир нечта дўст давлатлар, хусусан Ҳиндистон ва Буюк Британия бундан мустасно. 

Россия томонида камида 200 непаллик жанг қилмоқда 

Непал расмийларига кўра, непаллик камида 200 нафар ёлланма аскар ҳозир Украинада Россия армияси таркибида жанг қилаётган бўлиши мумкин. Ташқи ишлар вазири Нараян Пракаш Сауднинг айтишича, 100 кишининг қаердалиги ҳозирча номаълум. Катманду аллақачон Москвадан непалликларни ёллашни бас қилишни ва ёлланганларни ватанига қайтаришни талаб қилган. 

Октябр ойида The New York Times (NYT) рус армияси билан шартнома имзолаган ва Украина билан урушга кирган ўнлаб непалликлар ҳақида хабар берган эди. Уларнинг кўпчилиги, газета ёзишича, мамлакатдаги қашшоқлик ва ишсизлик туфайли шундай қилган. Шу билан бирга, NYT маълумотларига кўра, баъзи непалликлар Россияга қарши хорижий легионларда жанг қилиш учун Украинага ҳам йўл оляпти.

Непалда Россия армиясига ёллаш билан шуғулланганлар ушланди

Непал полицияси декабр ойи бошида маълум қилишича, расмийлар 12 кишини ёш йигитларни Россия армияси учун жанг қилишга юборганликда айблаб қўлга олган. Полиция маълумотларига кўра, қўлга олинганлар непалликларни Ҳиндистон ва БАА орқали Россияга жўнатган. «Бу тарзда қанча одам юборилгани номаълум, аммо тергов давом этмоқда», деди полиция вакили. Унинг сўзларига кўра, кўнгиллиларнинг ҳар бирига Россияга жўнатиш учун 8500 долларгача пул тўланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид