Жаҳон | 07:50 / 08.01.2024
7713
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони барча харидорлар учун нефт нархини пасайтиряпти

Ар-Риёднинг бундай қарорга келишига жаҳон нефт бозоридаги талаб камлиги сабаб бўлган. Saudi Aramco’нинг асосий бозори - Осиё учун Arab Light нефт тури нархи бир баррелга 1,5 долларгача пасайтирилади.

Фото: Hasan Jamali / AP

Саудия Арабистони барча ҳудудлардаги харидорлар учун феврал ойида етказиб бериладиган нефт нархини пасайтирмоқда, деб ёзади Bloomberg 7 январ, якшанба куни. Қарор жаҳон бозоридаги заиф талаб фонида қабул қилинди. 

Саудия нефтининг нархи маълум бир бозор учун стандарт тур бўлган бенчмаркка устама орқали аниқланади. Шу тариқа, Ар-Риёднинг асосий бозори – Осиёга етказиб бериш учун Arab Light нефт тури бўйича устама нарх 2 АҚШ долларига пасайтирилади ва баррел учун 1,5 долларни ташкил қилади. Шу билан бирга, Bloomberg томонидан сўровда қатнашган нефтни қайта ишлаш заводлари ва трейдерлар 1,25 долларга пасайишни кутган. Қиролликнинг Saudi Aramco миллий нефт компанияси ҳам Шимолий-Ғарбий Европа, Ўрта Ер денгизи ва Шимолий Америкага феврал ойи учун етказиб бериш нархини пасайтирмоқда. 

Яқин Шарқдаги вазият кескинлашуви нефт нархи сакрашига олиб келмади 

2023 йилда жаҳон бозорида нефт нархи 2020 йилдан бери биринчи марта пасайди. Bloomberg’нинг қайд этишича, бозор ҲАМАС ҳаракатининг Исроилга ҳужумидан кейин Яқин Шарқдаги кескинлашувга нархлар сезиларли даражада ошиши билан ҳали жавоб бермади. Агентликнинг қўшимча қилишича, Ямандаги Эрон билан боғлиқ ҳусийчи жангчиларнинг Қизил денгиздаги савдо кемаларига ҳужумлари ҳам ҳалигача таъминотнинг узилишига олиб келгани йўқ. 

Нефт истеъмоли одатда феврал ва март ойларида камаяди. Нефтни қайта ишлаш заводлари ушбу даврдан техник хизмат кўрсатиш учун фойдаланади. 

Мавзуга оид